15:52 | 08.05.21

                       

Наманганда ўқувчи 36 ёшли аёлни ўлдириб, жасадни каналга ташлагани юзасидан қўшимча маълумот берилди

Бу бўйича Бош прокуратура Bugun.uz’га хабар берди

Наманганда 36 ёшли аёлни ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборган ўқувчи ушлангани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати «Bugun.uz»га қўшимча маълумот берди.

Фото: «Xalq so‘zi»/ Иллюстратив

Маълум қилинишича, Д.М.нинг бедарак йўқолгани ҳолати юзасидан 2 апрель куни Тўрақўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноя кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттириш учун вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан иш юритувга олинган.

Х.Ж. кўрсатмалари ҳодиса жойида текширилганда у кўрсатмаларини тўлиқ тасдиқлаган. Иш ҳолатларини ёритиб, ўз ҳаракатларини батафсил кўрсатиб берган. Бедарак йўқолган Д.М.нинг ўғли 2004 йилда туғилган вояга етмаган Ж.М. ҳақиқатан ҳам 28 март куни соат 18:30 ларда онаси Ж.Х.нинг бошқарувида бўлган «Nexia» автомашинасида бирга кетиб, қайтиб келмаганини баён этган.

Вояга етмаган Х.Ж.нинг кўрсатмаларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракати давомида «Шимолий Фарғона» каналининг Узумзор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмининг 7-километрида канал қирғоғидан тупроққа қоришиб кетган ҳолда қон қолдиқлари аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Х.Ж.нинг уйида ўтказилган тинтув ҳаракатлари давомида унинг эгнида бўлган кўк рангли, енг қисмлари йўқ нимча-куртка, қора рангли жинси шим, бир дона қора рангли чармдан ишланган ремен, бир дона болғача топилиб, унда қизғиш рангли қонга ўхшаш доғлар мавжудлиги сабабли текшириб кўриш учун ашёвий далил тариқасида олинган.

Х.Ж.нинг ҳодиса содир бўлган куни эгнида бўлган ва тинтув давомида уйидан олинган ашёвий далиллар бўйича суд-биология экспертизаси тайинланган. Шунингдек, 17 апрель куни Поп тумани Анҳор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган «Шимолий Фарғона» каналининг 5-километрида жойлашган 4-бўлим «Чортоқ усти» сув олиш иншоотидан бош соҳасида тан жароҳатлари билан шахси номаълум аёл жинсига мансуб мурда топилган.

Унинг шахсини аниқлаш мақсадида ўтказилган тезкор-суриштирув тадбирлари давомида мурда бедарак йўқолган Д.М.ники экани аниқланган. Унинг жасади турмуш ўртоғи Э.М. ҳамда акаси А.М. томонидан таниб олинган.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази вилоят филиали Поп тумани бўлимининг 22-сонли хулосасида Д.М.нинг ўлими бош мия оғир очиқ шикасти, калла суякларини ботиб синиши, мия тўқимасига, пардалар остига, асос қисмига қон қуйилиши, мия қисилиши натижасида келиб чиққани кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Х.Ж. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкентдаги Анҳор каналидан эркак жасади топилгани маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: