15:33 | 25.04.22

                       

Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронга табрик йўллади

Президент ҳамкасбини сайловдаги ғалабаси билан табриклаган

Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макронни ушбу мамлакатда бўлиб ўтган Президент сайловида ғалаба қозонгани билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

«Аминманки, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳидаги узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва интилишларимиз орқали халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб бораверади», дейилади, давлат раҳбарининг мактубида.

Эслатиб ўтамиз, Францияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида 58 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган Эммануэль Макрон мамлакат президенти этиб қайта сайланди.

Мамлакатда 24 апрель, якшанба куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи ўтказилган. Маълумотларга кўра, Эммануэль Макрон 58,55 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Унинг рақиби — «Миллий бирлашув» партияси раиси Марин Ле Пен 41,45 фоизи овоз йиққан.

Сайловнинг биринчи босқичида Макрон 27 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, Ле Пендан салкам тўрт фоизга ўзиб кетган. «Итоатсиз Франция» партияси раҳбари Жан-Люк Меленчон учинчи ўринни олганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: