23:00 | 26.04.22

                       

Қашқадарёда аҳоли ва ЙПХ ходимлари ўртасида тортишув содир бўлди — видео

Жараёнда ходимлардан бирининг пагони, боди камераси ва кўкрак нишони юлиб олинган

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 26 апрель куни аҳоли ва ЙПХ ходимлари ўртасида тортишув юз берди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 17:30 да Чироқчи туман Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Йўл патрул хизмати инспекторлари томонидан туман марказидаги «Озиқ-овқат деҳқон» МЧЖ бозори атрофида жамоат тартибини сақлаш ҳамда автомашиналар тирбандлигини олдини олиш мақсадида патруль махсус автомашинаси овоз кучайтиргич мосламаси билан хизмат олиб борилган.

Шу жараёнда фуқаролар хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган. Улардан бири патруль автомашинасини олд ўриндиғида бўлган ЙПХ катта инспектори Б. Каримовни хизмат кийимининг пагони, боди камераси ва кўкрак нишонини юлиб олган.

Ходимлар томнидан қўшимча кучлар чақиртирилиб, жамоат тартиби тикланган.

Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган фуқаролар Ш.Б., Н.Б., Н.Д. ва Қ.А. шахси аниқланиб, ҳозирда уларга нисбатан Чироқчи туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчиларнинг уч нафари ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда маст эркак ИИБ ходимларини сўкиб, уларга қаршилик кўрсатгани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкент вилоятида радар ўрнатилган машинадаги ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган ҳайдовчи ушлангани маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: