11:46 | 06.06.22

                       

Ислом Каримов қабулхонасига раҳбар бўлган Георгий Крайнов вафот этди

Марҳум Биринчи Президентнинг яқин ёрдамчиларидан бири бўлган

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабулхонасига раҳбар бўлган Георгий Алексеевич Крайнов 4 июнь куни, 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси расмий саҳифасида хабар берилди.

Фото: Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси

Георгий Крайнов 1933 йил 21 ноябрда Андижон шаҳрида туғилган. Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини «Андижанская правда» газетасида бошлаган. У ерда Крайнов муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1976 йилда Крайнов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети тарғибот ва ташвиқот бўлимининг газета ва журналлар сектори мудири лавозимида ишлаган. Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котибининг ёрдамчиси этиб тайинланган. Марҳум Шароф Рашидов билан узоқ йиллар бирга ишлаган.

Георгий Крайнов Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси, Президент қабулхонаси бош маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.

У 2018 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган. Марҳум «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» ордени, ва «Содиқ хизматлари учун» медаллари билан тақдирланган.

Аввалроқ Ўзбекистон қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова вафот этгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: