10:13 | 23.06.22

                       

Сирдарёда «Обод қишлоқ» дастури доирасида 1,5 млрд сўм талон-торож қилинди

Мансабдорларга Жиноят кодексининг 2 моддаси билан иши қўзғатилган

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида йўл инфратузилмаси объектларида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.

Фото: «Xabar.uz»

Хусусан, 2020–2021 йилларда Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан тумандаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва «Обод қишлоқ» дастурига асосан ички йўлларда амалга оширилган қайта таъмирлаш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилган. Унда мазкур корхона мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, ҳисоботларга бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 1 миллиард 525 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлган.

Ҳозирда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида 1,6 миллиард сўм талон-торож қилингани аниқланганди. Шунингдек, Нукус давлат педагогика институтидаги қурилиш ишларида салкам 13 миллиард сўм талон-торож қилингани ҳақида маълумот берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: