8:47 | 16.08.22

                       

Қашқадарёда мактаб томи қулаб тушди — видео

ХТБ мазкур ҳолатга муносабат билдирди

Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси Шаҳрисабздаги мактабнинг том қисми қулаб тушгани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Кадр: Telegram / @nasafnewsuz

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз шаҳридаги 6-сонли умумтаълим мактабининг том қисми қулаб тушгани тасвирланган видео тарқалди.

Ҳолат Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси масъуллари ва тегишли мутасадди ташкилотлар иштирокида атрофлича ўрганилган.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳридаги 6-сонли мактаб биноси 2017 йилда қурилган бўлиб, қуввати 630 ўринли мактабда ҳозирда 1064 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабнинг навбатлилик коэффициенти 1.7 ни ташкил этади. Мактабнинг 1926 йилда лой пахсали биноси ўрнига 2017 йил Инвестиция дастури асосида 630 ўринли замонавий янги ўқув биноси қурилган. Мактабда қурилиш тиклаш ишларини вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилигида «Саъдулло бобо» МЧЖ томонидан қурилган бўлиб, объектнинг қиймати 2,27 миллиард сўмни ташкил этади.

«Тасвирда ёритилган мактаб эски биноси эса 1926 йилда қурилган бино бўлиб, ушбу бинодан 2017 йилдан буён фойдаланилмайди. Мактаб биносини эскирган том қисмини қулаб тушиши натижасида бирор-бир мактаб масъуллари ёки педагог жамоага шикаст етмаган. Ҳозирда эса тасвирда кўрсатилган парта, стул ҳамда мебель жиҳозлардан мактаб маъмуриятида фойдаланилмайди», дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, демографик ўсишни инобатга олиб 2025 йилларда мактабга қўшимча бино қурилади.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида 29 март куни 8-сон умумтаълим мактабининг том қисми қулаб тушганди. Аввалроқ эса Тошкент шаҳри Олмазор тумани 234-сонли мактабда ўқувчи мактаб девори босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: