19:22 | 27.08.22

                       

Президент IT-паркда фойдаланишга топширилган янги биноларни бориб кўрди

Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади

Шавкат Мирзиёев 27 август куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида қурилган янги биноларни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари мазкур мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган, 2021 йил декабрда бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган эди. Бугунги кунда 20, 22, 25 қаватли бинолар ва конференция зали қуриб битказилди.

Мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сўнгги беш йилда соҳага 2 миллиард доллар, шу жумладан, 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Барча ҳудудларда IT-парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу орқали 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш билан таъминланди. Шунингдек, соҳада ўзини ўзи банд қилган мутахассислар сони 43 минг нафарга етди. 2022 йилнинг ўзида мамлакатда 134 та янги, жумладан, 50 та хорижий IT компания ташкил этилди, экспортёр корхоналар сони эса 2 баробарга ошди.

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки бу борада етакчи. У биринчи бўлиб икки қаватли бинода очилган эди. Бугунги кунда осмонўпар, муҳташам мажмуага айланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу IT-паркнинг резидентлари, хизматлар тури ҳам кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 ойида улар томонидан 53 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинган. Йил якунигача бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Давлат раҳбари «Алоқабанк» ва «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси биноларидаги шароитларни кириб кўрди. Уларнинг пастки қаватларида мижозларга хизмат кўрсатиш офиси жойлашган. Юқори қаватлар IT корхоналар учун мўлжалланган. Ертўла қисмида 3 минг автомобилга мўлжалланган 3 қаватли тураргоҳ ҳам бор.

Фото: Президент матбуот хизмати

IT-паркда қурилиш 2 босқичда олиб борилмоқда. Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Соҳадаги ташкилотлар, университет, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Шу ерда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик компаниясида жорий этилган автоматик ҳисоблаш тизими, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг электрон тизимларини янада такомиллаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази билан танишганди. «Рақамли Ўзбекистон—2030» стратегияси доирасида Ўзбекистонда илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилган. Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирган.

Шунингдек, Президент 27 август куни Тошкент Ўзбекистон миллий боғида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирган. Боғдаги 14 гектардан зиёд ҳудудда катта ишлар бажарилган. Маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: