18:48 | 13.09.22

                       

Ўзбекистонда фирибгарлик ёки ўғирилик учун озодликдан маҳрум қилиш муддати узайтирилади

Бу бўйича Сенатда махсус қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Фирибгарлик ёки ўғрилик учун озодликдан маҳрум қилиш 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи»

Қайд этилишича, 13 сентябрь куни Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилган.

Бунда, мазкур Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритилаётгани маълум қилинган.

Охирги пайтларда электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўп содир этилаётгани, 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилгани айтилди.

Шунингдек, бугунги кунда ушбу ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик деб номаланган 168, 169-моддалари билан таснифланган. Бироқ айни пайтда ушбу моддаларда белгиланган жазо айбдорларнинг чин дилдан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтиши, аҳлоқан тузалиш йўлига кириши учун етарли эмаслиги, содда қилиб айтганда, жазо енгиллик қилаётгани таъкидланган.

Шу сабабли ушбу Қонун билан бундай турдаги жиноятлар учун жазо оғирлаштирилади. Яъни эндиликда ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланиши айтилган. Ҳозир бу миқдор 100 дан 300 гача.

Ёки амалдаги нормага кўра ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланади.

Шу билан бирга, шикаст етказиш учун белгиланаётган миқдорлар яъни, оз миқдор ва кўп бўлмаган миқдор тушунчалари киритилиб, унга кўра, оз миқдорда деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача, кўп бўлмаган миқдорда деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилиши кўрсатилган.

Мазкур Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро тажриба, Ҳамдўстлик мамлакатлари қонунчилиги ўрганилган ҳамда миллий қонунчилигимизга мос келадиган нормалар қисман инобатга олинган.

Қонуннинг қабул қилиниши:

биринчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг электрон пул маблағларини талон-торож қилиш ҳамда фуқароларнинг ишончига кириб ҳисоб рақамлари ёки пластик карталаридан пул маблағини талон-торож қилиш каби ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг олди олинишига;

иккинчидан, миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларнинг муносиб сақланишига, жамият ҳаётига оид муҳим тарихий воқеаларга бағишланган, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, миллий қаҳрамонларимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилган ёдгорликларга ҳурматсизлик ёки уларни таҳқирлашга йўл қўймасликка хизмат қилиши таъкидланган.

Аввалроқ, Қонунчилик палатасида «снос»га оид қонун лойиҳаси муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари тасвирини рухсатсиз тарқатишни тақиқлаш таклифини кўриб чиқиш рад этилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: