22:18 | 10.05.24

                       

«Ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкин ва бу табиий» — Алламжонов

«Ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкин ва бу табиий». Комил Алламжонов матбуот эркинлиги юзасидан Ўзбекистон рейтингидаги ўзгариш ҳақида гапирди.

Бугун 10 май куни нодавлат телеканаллар вакиллари билан навбатдаги учрашув бўлди. Бу ҳақда Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари Комил Алламжонов ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Фото: Комил Алламжонов

Таъкидланишча, унда сўз эркинлиги, миллий контент ва болалар учун сифатли медиа маҳсулотларни яратиш масалалари муҳокама қилинган. Президентнинг матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги позициялари жуда қатъийлиги, очиқлик сиёсатисиз тараққиётга эришиш қийинлиги таъкидланди.

Фото: Комил Алламжонов

«Албатта, муаммолар кўп. Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди деб ўйлайман.

Ривожланиш ҳеч қачон силлиқ бўлмайди. Ўйин қоидаси аниқ-равшан ва ҳамма учун тенг бўлсагина, ривожланиш бўлади. Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи. Матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим. Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга», — дейди Комил Алламжонов.

Фото: Комил Алламжонов

Шунингдек, Алламжонов муаммолар ҳали кўп бўлишини айтган.

«Ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкин ва бу табиий. Лекин бу муаммолар биз бошлаган ислоҳотларга соя солмаслиги керак. Чунки бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофа, хавфсизлик масала даражасидаги институтдир», — дейди у.

Фото: Комил Алламжонов

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: