15:53 | 21.09.22

                       

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди

Агентлик Ўзбекистон фуқароларини оммавий намойишларда иштирок этмасликка чақирган

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, баъзи ижтимоий тармоқларда Россия ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Шу муносабат билан агентлик ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўраган.

«Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини курьерлик билан шуғулланишда эҳтиёт бўлишга чақирганди. Маълум бўлишича, сўнгги вақтларда мигрантлар орасида интернет орқали катта миқдордаги пул эвазига маҳсулотларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш ҳақидаги эълонлар бўйича муаммолар юзага келган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: