19:43 | 26.09.22

                       

Ўзбекистон ва Қирғизистон томонлари чегара бўйича қўшма протокол имзолади

Унга кўра, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, айрим участкалар тўғрисидаги янги шартнома лойиҳасини келишиш мумкин бўлади. Ҳужжатни Ўзбекистон томонидан Абдулла Арипов, Қирғизистон томонидан Қамчибек Ташиев имзолаган.

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари қўшма йиғилиши баённомаси имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, ҳужжатни Ўзбекистон томонидан бош вазир Абдулла Арипов, Қирғизистон томонидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Қамчибек Ташиев имзолаган.

Шунингдек мазкур ҳужжат Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги янги шартнома лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш имконини бериши таъкидланган.

Фото: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома лойиҳасини келишиш бўйича Ўзбекистон томонининг тўлиқ қатъиятини тасдиқлаган.

«Икки республика ҳукумат делегациялари қаттиқ ишлаб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг қолган участкаларини мувофиқлаштириш бўйича машаққатли вазифани амалга оширди. Ишончим комилки, делимитация жараёнининг якунланиши азалий дўстлигимиз дахлсизлиги ва чинакам қардошлик муносабатларимизни яна бир бор тасдиқлайди», — деган Абдулла Арипов.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосарининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшни, ҳақиқий дўст ва стратегик шерик ҳисобланади. Қирғизистон Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, минтақалараро, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга ҳар томонлама тайёрлиги билдирилган.

«Умид қиламанки, бугунги қўшма йиғилиш натижаларига кўра, биз президентларимиз томонидан яқин келажакда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси участкалари тўғрисидаги шартнома лойиҳасини имзолаш учун тайёрлаймиз», — деган Қамчибек Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: