21:34 | 01.10.22

                       

«Ўзбекистон билан чегаралар масаласи тинч йўл билан ҳал қилинди» — Акилбек Жапаров

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси томонлар музокаралар олиб борганини таъкидлади

Қирғизистон Ўзбекистон билан чегара масаласини тинч йўл билан ҳал этилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Боткен вилояти маъмурий-ҳудудий бирликларини тиклаш ва ривожлантириш давлат комиссиясининг йиғилишида маълум қилди.

Фото: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, Акилбек Жапаров ўз нутқи давомида Қирғизистон президенти топшириғи билан Боткен вилоятига келганини таъкидлаган.

«Давлат раҳбари Боткен вилоятидаги вазиятни бир кун ҳам назардан четда қолдирмайди. БМТ сессиясида иштирок этиш 6 ой олдин режалаштирилган эди. Давлатимиз раҳбари жаҳоннинг юксак минбаридан туриб, ҳудудимизга агрессив босқинчилик ҳақида гапирди. Тинч аҳолига қарата ўқ узилди, кўприклар портлатилди, йўллар тўсилди, уйлар вайрон қилинди ва талон-торож қилинди, айрим фуқаролар шафқатсизларча ўлдирилди. Ўзбекистон Республикаси билан чегара масаласи тинч йўл билан, музокаралар йўли билан ҳал қилинди», — деди у.

Шунингдек, комиссия йиғилишида таъмирлаш ишлари бўйича амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар, қуролли тўқнашув натижасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни аниқлаб, уларга компенсация тўлаш, шунингдек, вайрон бўлган ва таъмирталаб турар жой биноларини тиклаш масалалари кўриб чиқилди.

Акилбек Жапаров совуқ ҳаво бошланмасидан бузилган турар жой биноларини тиклаш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Ўш ва Жалолобод вилоятларидан зарур махсус техника ва мутахассислар сафарбар этилиши қайд этилди.

«Турар жой биноларида реставрация ишлари зудлик билан амалга оширилиши керак. Боткен ва Лайлак вилоятлари аҳолиси барча зарур нарсалар билан тўлиқ таъминланиши зарур. Фуқаролардан махсус ҳисоб рақамига 307 миллион сом тушди. Бу молиявий маблағларнинг барчаси Боткен вилояти аҳолисига йўналтирилади. Бу масала менинг алоҳида назоратимда», — деди у.

Давлат комиссияси йиғилиши якунлари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига бир қатор топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон томонлари чегара бўйича қўшма протокол имзолади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: