11:13 | 20.10.22

                       

Тошкентда Афғонистон масаласига бағишланган халқаро конференция ўтказилди

Тадбир ДХХ томонидан ташкил этилган

Тошкент шаҳрида 19 октябрь куни «Афғонистон: минтақавий боғлиқлик, хавфсизлик ва ривожланиш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Фото: Telegram

Мазкур форум июль ойида Тошкент шаҳрида олий даражада ўтказилган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференциянинг мантиқий давоми бўлиб, у томонларнинг Афғонистоннинг ривожланиши ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари муштарак эканини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, ушбу тадбир Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган.

Тошкент учрашувида Афғонистон, Покистон, Эрон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон хавфсизлик органлари ва разведкавий хизматлари делегациялари иштирок этган.

Тадбир қатнашчиларига Шавкат Мирзиёевнинг табрик хатини президент маслаҳатчиси — спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирган.

Халқаро анжуман якунида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинди, шунингдек, глобал ҳамда минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган терроризмга қарши биргаликда қатъий курашишга келишиб олинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида ҳам Афғонистон масаласига тўхталиб ўтганди. «Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши оқибатида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда», — деганди давлат раҳбари.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: