13:55 | 21.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди

Учрашувда икки томонлама, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси муҳокама қилинди

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга расмий ташрифи давомида мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан бошланган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кучли Туркманистонни барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлганини алоҳида қайд этди.

«Бугун қардош Туркманистон миллий бирликни ва тарихий-маданий анъаналарни сақлаш асосида жадал ривожланмоқда. Бу бутун дунёда ўзининг юксак эътирофига сазовор бўлди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Гурбангули Бердимуҳамедов биродар мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда уларни чуқур стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга шахсан ҳисса қўшгани алоҳида таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон—Туркманистон алоқалари ўзаро ҳал бўлмаган масалалардан холи давлатлараро шерикликнинг ҳақиқий намунаси экани қайд этилди.

Учрашувда икки томонлама, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси муҳокама қилинди.

Парламентлар ўртасидаги мулоқот халқларнинг янада яқинлашишида энг муҳим омил экани таъкидланди.

«Олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилишини мониторинг қилиш учун парламентлараро ҳамкорлик салоҳиятидан бундан буён ҳам самарали фойдаланишимиз лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув сўнгида Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўзаро учрашуви 2021 йилнинг октябрь ойида ҳам бўлиб ўтганди. Шунингдек, 2022 йилнинг июль ойида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф буюрганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: