17:47 | 03.11.22

                       

Шимолий Корея Япония томон қитъалараро баллистик ракета учирди

Бу мамлакатнинг 2022 йилда учирган еттинчи ракетаси бўлди

Шимолий Корея Япония томон учирган қитъалараро баллистик ракетаси муваффақиятсизликка учради. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Қайд этилишича, 3 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 07:40 да Пхеньяндаги Сунан ҳудудидан қитъалараро баллистик ракета учирилган. У тахминан 760 километр масофани босиб ўтган ва парвознинг максимал баландлиги 1920 километрни ташкил этган. Ракета Япония денгизига қулаб тушган.

Япония расмийлари дастлаб ракета мамлакат ҳудуди устидан учиб ўтганини айтган, бироқ кейинроқ бу содир бўлмаганига аниқлик киритган.

Бу мамлакатнинг 2022 йилда учирган еттинчи, май ойи охиридан бери биринчиси қитъалараро баллистик ракетаси бўлган. Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар маълумотларига кўра, Шимолий Корея бу йил бир нечта муваффақиятсиз ICBM синовларини ўтказган.

Шунингдек, Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея 3 ноябрь куни эрталаб соат 08:39 да Жанубий Пхёнан вилоятидаги Кечеондан иккита қисқа масофага учувчи баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берган. Улар тахминан 70 километр баландликка кўтарилган ва парвоз масофаси эса 330 километрни ташкил этган.

2 ноябрь куни Шимолий Корея 20 га яқин ракета, жумладан, баллистик ракеталар ва 100 га яқин артиллерия снарядларини учирган. Расмий Сеулга кўра, Шимолий Корея 70 йил ичида биринчи марта Жанубий Кореянинг денгиз чегараси орқали ракета учирган.

Аввалроқ Жанубий Корея Руминияга қурол ва ядро реакторлари етказиб бериши ва Жанубий Корея ва АҚШ КХДР синовларига жавобан ракеталар учиргани маълум қилинганди. Шунингдек, август охирларида АҚШ ва Жанубий Корея КХДР чегараси яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: