16:06 | 03.11.22

                       

Ўзбекистоннинг ўртача иш ҳақи миқдори бўйича Марказий Осиёдаги ўрни маълум қилинди

Мамлакатда номинал иш ҳақи миқдори қарийб ярим баробарга ўсган

Марказий Осиё давлатларида 2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари бўйича ўртача иш ҳақи миқдори маълум қилинди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.

Фото: Asia-Plus

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи давомидаги ўртача номинал иш ҳақи миқдори 3,72 миллион сўм ёки 335 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 24,9 фоизга кўп демакдир.

Ўртача иш ҳақи миқдори бўйича Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон (159 доллар) ва Қирғизистон (279 доллар) Ўзбекистондан қуйида жойлашган бўлса, Туркманистон (383 доллар) ва Қозоғистон (650 доллар) нисбатан юқори кўрсаткичга эга.

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига нафақалар, иш ҳақи, рағбатлантириш тўловлари, компенсация тўловлари ва ишламаган соатлар учун тўловлар, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшма фондига ажратмалар киради.

Уни ҳисоблаш учун Давлат статистика қўмитаси турли соҳалардаги 3 миллиондан ортиқ ишчиларнинг маълумотларидан фойдаланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022 йилнинг биринчи чорагига кўра Марказий Осиё давлатлари орасида иш ҳақи ўсиши бўйича етакчи мамлакат маълум қилинганди. Ундан ташқари, давлатларнинг ўртача иш ҳақи бўйича рейтинги эълон қилинганда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида паст кўрсаткични қайд этганди. Шунингдек, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистондаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи тўғрисида маълумот берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: