17:15 | 11.11.22

                       

«Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас» — Владимир Норов

Ташқи ишлар вазири мамлакатнинг ТДТга кузатувчи сифатида қўшилиши билан боғлиқ саволларга жавоб берди

Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида Шимолий Кипрнинг Ташкилотга кузатувчи давлат сифатида қабул қилиниши ҳақида берилган саволларга жавоб берди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, саммит натижаларига кўра Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмаган. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойил ва нормаларига, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш масалаларида қатъий амал қилаётгани таъкидланган.

«Шу муносабат билан Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деган Ташқи ишлар вазири.

Кипр туркларининг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардаги қардош халқлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги табиий жараён эканлиги айтилган.

Шу билан бирга, бу масалаларнинг барчаси фақат ташкилотнинг ҳуқуқий ҳужжатлари ва аъзо мамлакатлар қонунчилиги билан тартибга солиниши маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: