16:48 | 12.11.22

                       

Фарғонада 14 ёшли ўқувчининг ўлими туфайли икки нафар ИИО ходими ишдан бўшатилди

Улар навбатчилик кунида тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмаган

Қўқон шаҳридаги ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 14 ёшли йигит вафот этгани иши доирасида икки нафар ички ишлар ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни Қўқон шаҳар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчи ўзи билан бирга тарбияланаётган вояга етмаган Р.А.га тан жароҳати етказган. Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда юқоридаги 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчилар қамоққа олинган.

Воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган икки нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжални олдини олмагани учун ИИО сафидан бўшатилиб, ходимларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бош прокуратура Фарғона ИИБда 14 ёшли боланинг ўлими билан боғлиқ тергов иши назоратга олинганини, Болалар омбудсмани Фарғонадаги ИИБ биносида вафот этган 14 ёшли йигит воқеасини ўргангани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: