13:23 | 15.11.22

                       

Ер аҳолиси 8 млрд кишига етди

Аҳолининг 1 млрд кишига кўпайиши учун 12 йил керак бўлди

Ер аҳолиси сони 8 миллиарддан ошди, деб хабар бермоқда БМТ матбуот хизмати ўз ҳисоб-китобларига таяниб.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, Ер аҳолиси 1 миллиард кишига кўпайиши учун 12 йил керак бўлган. Прогнозларга кўра, инсоният 8,5 миллиард кишилик маррадан 2030 йили ўтиши, 10,4 миллиардлик чўққига эса 2080 йилларда чиқади.

Сўнгги 200 йил ичида одамлар сони саккиз марта ошган. Масалан, 1900 йиллар бошида сайёрада 1,6 миллиард одам яшаган бўлса, 2000 йиллар бошига келиб уларнинг сони 6 миллиардга, 2011 йилда эса 7 миллиардга етган. Бундай жадал ўсиш тиббиётнинг ривожланиши, санитария соҳасидаги ютуқлар, ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши, кенг қамровли вакцинация билан изоҳланади.

БМТ маълумотларида таъкидланишича, аҳоли сонининг доимий ўсишига қарамай, унинг жадаллик суръати сўнгги пайтларда секинлашмоқда. Прогнозларда келтирилишича, 2022 йилдан 2050 йилгача 60 дан ортиқ мамлакатларда «туғилишнинг доимий пастлиги ва баъзи ҳолларда эмиграциянинг кўпайиши туфайли» аҳоли сони 1 фоизга ёки ундан кўпроққа қисқариши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 километр квадрат майдонга қанча аҳоли тўғри келиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши бўйича маълумот берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: