11:21 | 24.11.22

                       

Клаус Мангольд: «Мақсад — Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш»

Туризм ва маданий мерос вазирлигида Германия компанияси раиси билан учрашув бўлиб ўтди

Туризм ва маданий мерос вазирлигида 23 ноябрь куни Германиянинг Mangold consulting GMBH раиси, профессор Клаус Мангольд билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов юқори мартабали меҳмонга ташриф учун самимий миннатдорлик билдирди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Маълум қилинишича, учрашувда Европа давлатларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш доирасида олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, 2022 йилнинг 18 ноябрь куни Германия туристик ассоциясияси президенти Норберт Фиебиг билан бўлган учрашув якунига кўра эришилган масалалар, DRV таркибига кирувчи энг йирик туристик операторлар иштирокида Destination Fourm лойиҳасини ўтказиш, шунингдек, вазирлик томонидан Европа бозорига мўлжалланган медиарежани амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Таъкидлаш керакки, Мангольд Destination Fourm лойиҳаси доирасида нафақат Германия, балки Швейцария, Австрия каби Европа давлатларининг энг йирик ва салоҳиятли ОАВ ва туристик ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканлигини қайд этди. Шунингдек, Uzbekistan миллий брендини хорижда кенг тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

«2023 йилнинг март ойида Германиянинг Берлин шаҳрида ITB Berlin—2023 халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, келгуси йили Германияда Ўзбекистоннинг археологик бойликлари кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу тадбирлардан мақсад европалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган эътиборини ошириш, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жиҳатларини бутун дунёга янада кенгроқ танитиш ва бу орқали мамлакатингизнинг Европа ва жаҳондаги мавқеини мустаҳкамлашдир», —деди Клаус Мангольд.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Европага янада кенг тарғиб қилиш доирасида мамлакатимизда фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари учун ўқув дастурларини йўлга қўйиш, Германия тажрибасига асосан, юртимизда тематик паркларни очиш имкониятлари, Германия—Самарқанд йўналишлари бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар ташкил қилиш ҳамда келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистоннинг археологик бойликлари кўргазмаси масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Маълумот учун, Mangold consulting GMBH компанияси 15 йилдан ортиқ вақт Германия ва хориждаги миллий ва халқаро компанияларга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва муассасаларга муваффақиятли маслаҳатлар бериб келмоқда.

Профессор Клаус Мангольд Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини юқори баҳолади. Қолаверса, Ўзбекистонда туризм жадал суратларда ривожланиб бораётганини ва бунда Тошкент халқаро туризм ярмаркаси каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Клаус Мангольд «Ипак йўлида туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг аҳамиятини юқори баҳолади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: