17:06 | 07.12.22

                       

Хитойда норозилик намойишларидан кейин коронавирус чекловлари юмшатилди

Мамлакатда умуммиллий ПЗР-тест бекор қилинган

Хитой коронавирус чекловларини енгиллаштирди — мамлакатда умуммиллий ПЗР-тест бекор қилинган ва бир вилоятдан бошқасига тестдан ўтмасдан ҳаракатланишга рухсат берилган. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш ва гигиена масалалари бўйича давлат қўмитаси маълум қилди.

Шунингдек, мамлакатда коронавирусни белгисиз бошдан ўтказаётганлар ўзларини ўзлари уйда яккалаши ва марказлаштирилган карантинга бормаслиги мумкин.

Ҳужжатда қайд этилишича, эндиликда хавфли зоналар ҳудудий-маъмурий бирликлар томонидан эмас, балки бинолар, хонадонлар, қаватлар ва уй хўжаликлари томонидан жорий этилмоқда. Хитой халқига карантинни бутун турар жой мажмуалари, кўчалар, туманлар ва аҳоли пунктларига ўзбошимчалик билан кенгайтиришга йўл қўймаслик ваъдаси берилган. Аввалроқ бир неча ўн киши сабаб кўп миллионлик туманлар карантинга ёпилиши мумкин эди.

Янги қоидаларга кўра, ПЗР-тестдан юқори хавф зонасида ишловчи ёки вақтинча ўша ерда турувчилар ўтишга мажбур. Бунга қадар COVID-19 аниқланган туман ёки шаҳарнинг барча аҳолиси бир неча босқичда тест топшириши керак эди. Шу билан бирга, жамоат жойларига ташриф буюрилганида салбий ПЗР-тест жавоблари сўралмайди — тиббиёт муассасалари, қариялар уйи, бошланғич ва ўрта мактаблар истисно.

Хитой расмийлари, шунингдек, иссиқликни тушурадиган, йўталга, вирусга ва совуққа қарши дорилар каби рецептсиз дори-дармонларни сотиб олиш бўйича чекловларни бекор қилган. Олдинроқ уларнинг савдоси тақиқланган ёки чекланган эди. Мамлакат бўйлаб дорихоналар энди одатдагидек ишлайди ва ўз-ўзидан ёпилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь охирларида Хитойнинг йирик шаҳарларида мамлакат ҳукумати томонидан олиб борилаётган коронавирус сиёсатига қарши намойишлар бошланганди. Норозилик намойишлари 26 ноябрь куни Урумчидаги (Шинжон-Уйғур автоном вилояти) турар жой биносида содир бўлган ёнғин натижасида камида ўн кишининг ҳалок бўлгани сабабли юзага келган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: