11:42 | 15.12.22

                       

Қирғизистонда 500 дан ортиқ мактаб карантинга ёпилди

Бунга мамлакатдаги эпидемиологик вазият кескинлашгани сабаб бўлган

Қирғизистонда эпидемиологик вазият туфайли 509 та мактаб карантинга ёпилди. Бу ҳақда мамлакат таълим вазири ўринбосари Тўхтабиби Ашимбаева парламент йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Kloop.

Унинг сўзларига кўра, ёпилган мактаблар республикадаги таълим муассасаларининг бешдан бир қисмидир — Қирғизистонда жами 2357 та мактаб мавжуд. Карантин эълон қилинган таълим муассасаларининг ўқувчилари онлайн дарс ўтилади.

Шунингдек, Ашимбаеванинг айтишича, мамлакатдаги 1710 та боғчадан 168 таси карантинга ёпилган.

Идора мактабларни ёпишни мамлакатда грипп ва ОРВИ касалликларига чалиниш ҳолатлари ортиб кетгани фонида қабул қилганини билдирган. Республика юқумли касалликлар шифохонаси мудири Гулжигит Алиевнинг қайд этишича, ҳар йили шу вақтда грипп билан боғлиқ вазият кескинлашади. Аммо 2022 йилда болалар бошқача касал бўлмоқда.

Аввалроқ Хитойда коронавируснинг белгисиз ҳолатларини ҳисоблаш тўхтатилгани, Тошкентда коронавирус билан касалланганлар сони кескин ортгани, Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилингани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: