16:10 | 26.04.24

                       

Мактабдаги «йиғим-теримлар»

Мактабдаги «йиғим-теримлар». Қонун бунга нима дейди?

Май ойига ҳам саноқли кунлар қолди. Одатда бу пайтда ўқитувчилар ўқув йилини якунлаб, таътил тараддудини кўра бошлайди. Ҳар ҳолда қонунан шундай. Аслидачи?

Минг афсуслар бўлсинки, бугун ўзбек жамиятида мавқе нуқтаи назардан ўқитувчининг улуши жуда-жуда кам. Бутун дунёда энг муҳим касб эгалари сифатида қараладиган ўқитувчилик Ўзбекистонда қадрсизлигичa қолмоқда. Ойлик маошнинг пастлиги етмагандек, йилда бир марта бериладиган таътил пайтида ҳам ўқитувчига кунда кун ора мактабга келиб туриш талаби қўйилади. Йиллар давомида халқ таълими тизимида «Мактаб фонди», «Синф фонди» яна бир қанча ота-оналарнинг меъдасига тегиб улгурган «мактаб учун» йиғиладиган «фондлар»нинг ташкилий томонига яна шу ўқитувчи масъул.

Мана 2024-йилги ўқув йили ҳам якунланмоқда – мактабларнинг йиғим-терим мавсуми бошланиш арафасида. Одатда бу йил ҳам «Болангиз шу синфда ўқиди. Янги ўқув йилига фарзандингиз тоза ва чиройли хонага келиб ўқишини хоҳламайсизми?. Йилда бир марта сўралган пулни берсангиз нима бўпти? Арзимаган пулга шунча ваҳимами?» оҳангида бошланувчи даҳанаки баҳсларнинг якуни  «Бу тўлов мажбурий эмас истасангиз бўёқ олиб келинг ёки краска қилишда қарашинг» қабилидаги сўзлар билан якунланади. Ҳисоб китобларга кўра,  Ўзбекистонда 6,4 миллион нафар ўқувчи бор. Айтайлик,  уларнинг 1,5 миллиони ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар. Беш миллион ўқувчидан мактаб таъмири учун ўртача 30 минг сўмдан йиғиб олинса, жами 15 миллиард сўм маблағ тўпланади. Қизиқ, ёппасига ҳар йили ўқитувчилар келишиб олиб бу мавзуни кўтаришадими? Ахир, мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги йиғимларга қарши эканлигини тан олиб, ишонч рақамларигача эълон қилганку… Наҳот буларнинг бари  хўжакўрсинга бўлса? Ёки учинчи манфаатдор тараф ҳам борми?

Bugun.uz мухбири ижтимоий тармоқлар орқали мазкур масалада сўровнома ўтказиб, ўқитувчи ва ота-оналарни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу борада ҳар доимгидек иккига бўлинишади.  Айримлар синф ва мактаб учун йиға-йиғларни қўлласа, аксарият фойдаланувчилар бюджетдан халқ таълими соҳасига ажратилаётган пуллар ҳисоби билан қизиқиб, ҳеч қандай таъмирга пул бериш керак эмаслигини урғулашади. Ваҳоланки, янги таҳрирдаги конституциямизнинг 50-моддасида ҳам «Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир» деб ёзиб қўйилган.

Сўровнома натижалари билан таништирамиз:

«Мен ота сифатида боламга сифатли таълим берилишини истайман. Мактабда ўқишдан ташқарида бўладиган ҳар қандай ‘чужой’ нарсаларга қаршиман. Мактабнинг вазифаси ўқитишми? Демак ўқитсин. Ремонт, ҳашар, деявермасдан»;

«Нима қилсин ўқитувчи ёнидан қиладими? Сиз 50 000 минг сўм  учун оғриняпсиз. Ўқитувчи 1 ярим миллион сўм ишлатиши керак. Унинг оиласи бор. Фарзандингизни ярим куни мактабда ўтаяпти. Келаси йилга тозза қилиб болаларингизга шароит қилса яхшимасми»;

«Ихтиёрий бўлсин. Болаларни синфдошлари олдида изза қилмасин. Шароити йўқ болани мажбурламасин. Ўқитувчиларнинг жуда кўпчилигини асаби чарчаб қолган. Ўқитувчига ҳам осон эмас. У ҳам топшириқни бажаради»;

«Агар кайсидир солиқ тўловчи йилига 15-20 млн бюджетга даромад солиғи тўласа (НДС дан ташқари). Ва давлат мактабининг ремонти учун пул тўласа, электр энергия  учун оширилган нархда пул тўласа, ҳарбий хизмат учун пул тўласа, боғча учун пул тўласа, йўл учун пул тўласа ва бошқа нарсаларга пул тўласа. Бюджетга тулаётган солиқлар нима учун тўланиши керак? Норасмий тўловларни тўхтатиш керак, ҳаммаси нотўғри»;

«Кўп оналар берамиз, бердик дейишибди раҳмат. Ўқитувчиман. Мактабга юқоридан ремонт учун пул ажратилмайди. Тийин-тийинигача мактабга ишлатилади. Ўша синфни кейинги янги ўқув йилига тайёрлабб кейин отпускага чиқилади. Тушунганларинг учун раҳмат»;

«Ўқитувчини ҳам тушуниш керак. Ҳаммадан ҳам кўра у учун адолатсиз бу жамият. Ўзига қолса, жондай ўқувчисан бир сўм ҳам талаб қилмайди. Лекин нима қилсин?! Ўқитучи директор буйруғини бажаришга, директор эса раёнадан келган, вазирликдан келган топшириқларни бажаришга маҳкум!»;

«Агар фарзандингиз мактаб ремонтига пул сўраса албатта беринг. Ўзимни ўғлим мактабга ҳали чиқмайди. Устозларни аҳволини тушунаман. Сиз бермасангиз арзимаган ойлигидан ўзлари ремонт қилишга мажбур бўлишади. Директорлар ўқитувчини хонани ремонт қилган ҳолда топширмаса, отпускага чиқармайди».

Сўровнома натижаларидан маълумки, бу ерда аксарият фойдаланувчилар пул йиғилаётганини рад этмаяпти. Қандай қилиб ҳам рад этсин?! Таъмир учун сўралаётган арзимаган пулни деб оммага чиқишни шармандалик деб ҳисоблайди бизнинг одамлар.

Бу йил ҳам ота-оналар ўз ҳисобидан таъмир учун йиғимларни амалга оширишга психологик жиҳатдан шай ҳолатга келтирилган. Чунки 2022 йил 11 майдаги «Мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги 241-сон Президент қарорининг 13 бандида  Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига мактаб таъмири билан боғлиқ бир нечта масалалар юклатилган бўлсада, жойларда бу қарорнинг ижроси деярли  нолга тенг.

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг 71 202-09-09 ишонч телефон рақамига хабар берилиши сўралган ва эрталаб 9:00 дан кеч соат 18:00 га қадар ишлайдиган бу рақамларга 2024 йил бошидан апрель ойига қадар атиги 1013 та мурожаат келиб тушган мактабларда ноқонуний пул йиғимлари ташкил этилаётган ҳолатлар фонида бўлаётганлиги ажабланарли ҳолат эмасдек. Устига-устак, ушбу аризаларнинг қанчаси пул йиғимларига оид ва таъсирчан чоралар кўрилганлигига доир маълумотлар бизга қоронғу.

Аммо шуниси маълумки, пул билан боғлиқ мактаблардаги ноқонуний ҳолатлар ортидан ўқитувчи ёмон отлиқ бўлиб қолмаслиги, ота-оналар томонидан қилинадиган «тошбўрон»да ўқитувчи қолиб кетмаслиги керак. У тепанинг буйруғини бажаришга, тепа эса ўзидан юқорининг қош-қовоғига қарашга мажбур. Токи мана шу тизимдан воз кечилиб, ҳар бир сектор (у хоҳ таълим сектори бўлсин, хоҳ бошқаси) ўз вазифасини қилмас экан юқоридаги сансалорликлар жамиятни орқага тортаверади. Жабрини эса фақат ўзимиз тортамиз.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: