16:52 | 07.10.21

                       

Ашраф Ғани қочишни олдиндан режалаштиргани айтилди

Собиқ президент бунинг учун қандай тайёргарлик кўргани маълум қилинди

Афғонистонни тарк этган мамлакат собиқ президенти Ашраф Ғани қочишни олдиндан режалаштиргани маълум қилинди. Бу ҳақда «1TV»га таяниб, «Газета.ru» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Нашр манбасига кўра, Ғани Кобулнинг «Толибон» назоратига ўтишидан бир ой олдин кетиш учун ўқув машғулотларини ўтаган. Шу билан бирга, расмийлар мамлакатдан катта миқдордаги пулни олиб чиқишга камида бир ҳафта олдин тайёргарлик кўргани қайд этилган. Афғонистон матбуоти эса бир неча юқори мартабали ҳукумат амалдорлари Ғанининг қариндошларини ҳаракат Кобулга ҳужум қилишидан бир неча кун олдин БААга олиб кетмоқчи бўлганини айтган.

Ўз навбатида, «Hasht e Subh Daily» нашри Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани август ойида Ўзбекистон орқали БААга қочиб кетганини маълум қилган.

Афғонистон собиқ раҳбарига яқин манбага кўра, у аввал хизмат вертолётидан, кейин эса Қозоғистоннинг «FlyJet» авиакомпанияси самолётидан фойдаланган ҳолда қочган. «Толибон» ҳаракати 15 августда Кобулга жангсиз кирмасидан сал олдин Ғани, унинг ёрдамчилари ва соқчилари бир нечта вертолётда Афғонистон пойтахтини тарк этган.

«Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига тўртта вертолётда қўнган 54 кишининг 22 нафари учувчи, ҳарбий ҳаво кучлари техниклари, яна 22 нафари президентнинг қўриқчилари бўлган. Уларнинг ҳеч бирида паспорт бўлмаган», деган Ғанига яқин манба.

Таъкидланишича, Ғани 31 соат миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамидуллоҳ Моҳиб, президент маъмурияти раҳбари Фазл Маҳмуд Фазли ва унинг рафиқаси Рулу Ғани билан Термиз аэродромида бўлган. Уларни 200 дан ортиқ ўзбек ҳарбий хизматчиси қўриқлаган. «Flightradar» хизматининг маълумотларига кўра, «FJK-1255» рейсини амалга оширувчи Қозоғистоннинг «FlyJet» авиакомпанияси 16 август куни маҳаллий вақт билан 23:00 да Термиздан Абу-Дабига учиб кетган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати вакили Ашраф Ғанининг қочиб кетиши сабабини айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракатининг собиқ президент Ашраф Ғанига оид қарори маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: