19:13 | 20.03.21
Рейтингдан 159 мамлакат жой олган
«CeoWorld Magazine» болаларни тарбиялаш учун энг яхши ҳамда энг ёмон мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Унга кўра, рейтингда биринчи ўринни Швеция эгаллади. Кейинги поғоналарда мос равишда Дания, Норвегия, Нидерландия ҳамда Канада қайд этилди. Ўзбекистон бу борада 159 давлат ичида 104-ўринни эгаллади.
Маълум қилинишича, рейтингга киритилган мамлакатлар болаларнинг яшаши ва равнақ топиши учун яратилган шароитлар, жумладан, давлатнинг соғлиқни сақлаш, таълим тизимлари ривожлангани, экологияси, иқтисодиёти каби 12 та кўрсаткич бўйича баҳоланган. Бунинг учун Америка, Осиё, Европа, Океания, Яқин Шарқ ва Африкадаги 260 мингдан ортиқ одам билан суҳбат ўтказилган ва Швеция кетма-кет иккинчи йил энг яхши мамлакат сифатида қайд этилган.
Болаларни тарбиялаш учун энг яхши мамлакатлар рейтингининг кучли ўнлигидан Финляндия, Швейцария, Исландия, Австралия, шунингдек, Буюк Британия ўрин олган. Марказий Африка Республикаси, Эритрея, Лесото, Шарқий Тимор ҳамда Сурия энг ёмон мамлакатлар сифатида қайд этилган.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон 77-ўринни, Қирғизистон 119-ўринни, Тожикистон эса 136-ўринни эгаллаган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалиши даражасига кўра рейтингда нечанчи ўриндалиги маълум бўлганди. Шунингдек, пахта етиштириш бўйича жаҳондаги ўрни ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: