15:52 | 19.05.22

                       

Яна бир давлат Финляндия ва Швециянинг NATO’га қўшилишига қарши чиқди

Бу орқали Европа эътибори мазкур мамлакатга қаратилиши айтилган

Хорватия президенти Зоран Миланович Финляндия ва Швециянинг NATO’га киришига қарши эканини айтди. Бу ҳақда «N1» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Миланович республиканинг NATO’даги элчиси Марио Нобилога Финляндия ва Швециянинг иттифоққа киришига Босния ва Герцеговинадаги сайлов қонунчилиги ўзгартирилгунга қадар қарши овоз бериш тўғрисида кўрсатма билан хат юбормоқчи.

«Мен барча айбловларга тайёрман. Босниядаги хорватлар мен учун бутун Россия-Финландия чегарасидан муҳимроқ эканини аллақачон айтганман», — деган у.  Миланович бунда «миллий манфаатларни қандай ҳимоя қилишни биладиган» Туркияни мисол қилиб келтирган ва Украина манфаатлари унинг мамлакати учун ўткир муаммо эмаслигини қўшимча қилган.

У Хорватиянинг келишувни ратификация қилишдан бош тортиши халқаро ҳамжамият эътиборини Босния ва Герцеговинадаги хорватлар ҳуқуқларига қаратишини таъкидлаб, муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли шу эканини айтган.

Хорватия ташқи ишлар вазири Гордан Грлич-Радман Милановичнинг режасини «шантаж» ва «муаммони европача бўлмаган усулда ҳал қилиш» деб атаган.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Туркия Финляндия ва Швециянинг NATO’га аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш жараёни бошланишига тўсқинлик қилганди. Бунгача Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон икки мамлакатнинг ҳарбий блокка қўшилишини қўллаб-қувватлай олмаслигини, чунки бу ҳолда ташкилот «террорчилар ўчоғига» айланишини айтган.

Туркия президенти Стокгольм ва Хельсинкидан Курдистон ишчилар партиясининг 33 нафар вакилини экстрадиция қилишни талаб қилгани, аммо рад жавобини олганини айтган. Туркия NATO’га ультиматум қўйган.

Россия NATO қарама-қаршиликка қаратилганини бир неча бор қайд этган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков альянснинг янада кенгайиши Европага катта хавфсизлик олиб келмаслигини, NATO агрессив характерга эга эканини айтган. Финляндияга бу борада таҳдид қилинган.

Хорватлар боснияликлар ва серблар билан бир қаторда Босния ва Герцеговинани ташкил этувчи учта халқдан биридир. 1990-йиллардаги Югославиядаги фуқаролар уруши ва этник тозалаш Босния ва Герцеговинадаги хорватлар сонини сезиларли даражада камайтирган. 1991 йилдан буён мамлакат ҳудудида ўзини ўзи эълон қилган Босния хорвати давлати Герцег-Босна Республикаси мавжуд.

У 1994 йилда Ғарб босими остида Босния ва Герцеговина Федерацияси таркибига кирган ҳолда ўз фаолиятини тўхтатди. 1995 йилдан бери Дейтон келишувига кўра, хорватлар Босния ва Герцеговинада алоҳида этно-ҳудудий бирликка эга эмас. Бу ҳолат Хорватия аҳолисининг кўпчилигини ва Босния хорватларининг етакчи сиёсатчиларини қониқтирмайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: