11:44 | 28.06.22
Сиёсатчи альянсга қўшилмоқчи бўлган яна икки давлатни огоҳлантирди
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинанинг NATO’га аъзо бўлиши Учинчи жаҳон урушига олиб келишини айтди. Бу ҳақда у «Аргументы и Факты»га берган интервьюсида маълум қилди.
Сиёсатчига кўра, Украинанинг альянсга қўшилиши Россия учун Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа киришидан кўра хавфлироқ. Медведев Москва ва Киев ўртасида «ҳал қилинмаган ҳудудий низолар мавжудлиги», жумладан, Қримга эгалик қилиш ва «минтақалар мақомини турлича тушуниш» борлигини айтган.
«Биз учун Қрим Россиянинг бир қисмидир ва бу абадий шундай бўлиб қолади. Қримга бостириб киришга ҳар қандай уриниш мамлакатимизга уруш эълон қилишдир. Агар NATO’нинг бир қисми бўлган давлат бу ишни қилса, бу бутун Шимолий Атлантика алЬянси билан зиддиятни англатади. Учинчи жаҳон уруши бошланиб, тўлиқ фалокат бўлади», — деган у.
У Швеция ва Финляндиянинг NATO’га қўшилиши Киев каби хавф туғдирмаслигини қўшимча қилган.
«Агар улар альянсга қўшилиш орқали ўзларини яхши ва хотиржам ҳис қилса, омад тилаймиз», — деган у ва Россия томони жавоб қайтаришга тайёрлигини ҳам таъкидлаган.
Медведев бу ҳолда NATO’нинг Россия билан қуруқликдаги чегаралари узунлиги икки баробардан кўпроққа ошиши ва мамлакат ўз чегараларини мустаҳкамлашини айтган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, бундан ҳеч ким, жумладан, Швеция ва Финляндия фуқаролари ҳам хурсанд эмас.
«Бизнинг ‘Искандер’ларимиз, гипертовушли ракеталаримиз, ядро қуролига эга ҳарбий кемаларимиз уйингиз остонасида бўлиши яхши истиқбол эмас», — деган сиёсатчи.
Аввалроқ Дмитрий Медведев урушни ҳал қилишда Зеленскийга маслаҳат берганди. Шунингдек, Россия учинчи жаҳон урушининг бошланишига йўл қўймаслиги маълум қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: