13:11 | 28.01.23

                       

Даниялик сиёсатчи бу сафар Копенгагендаги масжид олдида Қуръонни ёқиб юборди — видео

Аввалроқ Расмус Палудан Туркиянинг Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборганди

Даниялик ҳуқуқшунос ва ўта ўнгчи «Қаттиқ курс» партияси асосчиси Расмус Палудан Копенгагендаги масжид олдида ҳам муқаддас китобни ёқиб юборди. Олдинроқ ушбу сиёсатчи Туркиянинг Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборганди. Содир бўлган воқеа ҳақида Anadolu агентлиги хабар бермоқда. Маълумотларга кўра, Палуданнинг акцияси жума намозидан кейин маҳаллий масжид қаршисида содир бўлган. Ҳимоя каскасини кийиб олган сиёсатчи полиция ҳимоясида бўлган. Стокгольмда бўлгани каби Копенгагенда ҳам ушбу акция маҳаллий ҳукумат билан келишилган.

The Local’нинг ёзишича, Палудан Данияда бу каби акцияларнинг камида яна иккитасини ўтказишни режалаштирган, улардан бири Копенгагендаги турк элчихонаси қаршисида ўтказилади. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Дания элчисини Палуданнинг акциясини маъқуллаганига норозилик билдириш мақсадида вазирликка чақиртирган.

Аввалроқ Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш жараёни бошланишига тўсқинлик қилганди. Бунгача Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон икки мамлакатнинг ҳарбий блокка қўшилишини қўллаб-қувватлай олмаслигини, чунки бу ҳолда ташкилот «террорчилар ўчоғига» айланишини айтганди. Бундан ташқари, Туркия президенти Стокгольм ва Хельсинкидан Курдистон ишчилар партиясининг 33 нафар вакилини экстрадиция қилишни талаб қилгани, аммо рад жавобини олганини айтган. Туркия НАТОга ультиматум қўйган.

Қуръони Каримни ёқиб юборган швед сиёсатчиси Рамус Паладун туфайли Швециянинг Туркия билан ўзаро муносабатлари кескин ёмонлашган. Хусусан, Швеция мудофаа вазири Пол Жонсоннинг Туркияга ташрифи ҳам бекор қилинди. Ташриф давомида Туркия Швециянинг НАТОга аъзолик миссиясини қўллаб-қувватлашини ва шу каби бошқа музокараларни ўтказиши режалаштирилганди. Ташриф бекор бўлгани сабаб Швециянинг НАТОга аъзолик миссияси ҳам сўроқ остида қолмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: