17:34 | 25.02.23
Ўзбекистоннинг Ақтовдаги бош консули «Порт Қуриқ» бош директори билан ушбу масалани муҳокама қилди
Ўзбекистоннинг Ақтов шаҳридаги бош консули Отабек Турсинбеков Қозоғистоннинг «Порт Қуриқ» бош директори Серик Ахметов билан учрашди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ушбу порт орқали ташиш имкониятлари муҳокама қилинган.
Серик Ахметовнинг айтишича, айни пайтда порт инфратузулмасини такомиллаштириш мақсадида халқаро ҳамкорлар билан ишлар олиб борилмоқда. «‘Порт Қуриқ’ни келгусида ривожлантириш учун бир қатор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу жумладан, портда ‘Саржа’ кўп функцияли денгиз терминалини қуриш назарда тутилган. Ушу вазифалар портнинг юк ўтказувчанлик имкониятини сезиларли даражада оширади», дейилади хабарда.
Портнинг юк ўтказувчанлик имкониятининг кенгайиши Ўзбекистон тадбиркорларининг ҳам Транскаспий халқаро йўналиши орқали савдо-иқтисодий алоқаларининг фаоллашишига хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон порт орқали Каспий денгизига юк жўнатиш имкониятига эга бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Болтиқ денгизидаги Венцпилс портидан АҚШ, Канада, Бразилия ва Скандинавия мамлакатларига юк транзити сифатида фойдаланиш учун терминал ижарага олишни режалаштирганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: