15:07 | 29.03.23
Шунингдек, Россия авиаташувчиси Минералние Води—Самарқанд—Минералние Води йўналиши бўйича парвозлар частотасини ҳам оширган
Uzbekistan Airports Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Сочи ва Урганчни тўғридан-тўғри қатновлар билан боғлаганини маълум қилди.
Таъкидланишича, 29 март куни маҳаллий вақт билан соат 05:07 да «Азимут» авиакомпанияси самолёти Сочи—Урганч—Сочи йўналиши бўйича биринчи мунтазам йўловчи қатновини амалга оширган. Анъанага кўра, бортида 61 йўловчиси бўлган Sukhoi Superjet 95 ҳаво кемаси сув аркаси билан кутиб олинди.
Сочидан Урганч халқаро аэропортига парвозлар ҳафтада бир марта — чоршанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, «Азимут» Урганчни Россиянинг бошқа шаҳарлари — Москва ва Минералние Води билан ҳам боғлайди.
Шунингдек, 2023 йил 27 мартдан бошлаб Россия авиаташувчиси Минералние Води—Самарқанд—Минералние Води йўналиши бўйича парвозлар частотасини оширган. Парвозлар ҳафтасига икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилади. Илгари парвозлар фақат сешанба кунлари амалга оширилган.
Аввалроқ Хитойнинг China Southern Airlines авиакомпанияси Пекин ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам қатновларни тиклаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси Истанбулдан Бухорога мунтазам авиарейслар йўлга қўйиши, Озарбайжондан Самарқандга авиақатновлар йўлга қўйиши ҳақида маълум қилинганди.
Мавзуга доир: Олмаотадан Самарқандга авиапарвозлар қайта тикланади
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: