16:05 | 01.10.23

                       

Самарқандда COP-28 муносабати билан Марказий Осиё эко-оромгоҳи ташкил этилади

Тадбир доирасида халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва Марказий Осиё стратегияси бўйича муҳокамалар ўтказилади.

Самарқанд шаҳрида 2023 йилнинг 1-5 октябр кунлари Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ишлаб чиқишга доир Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳи ташкил этилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, эко-оромгоҳда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон эко-фаолларининг 60 нафардан зиёд етакчиси иштирок этади.

Тадбир Бирлашган Араб Амирликларидаги (БАА) COP-28 – Иқлим ўзгариши бўйича конвенция иштирокчилари конференцияси муносабати билан ўтказилади.

Марказий Осиё эко-оромгоҳи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, «Замин» халқаро жамоат фонди, UNICEF, UNESCO, BMTTD ва FAO кўмагида ташкил этилмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг иқлим ўзгаришларига қарши курашишдаги ролини эътироф этиш, ёш эко-фаолларга экологик таклиф ва ташаббусларни илгари суриш учун платформа тақдим этиш ҳамда Марказий Осиёда ёшлар экологик ҳаракатини интеграция қилишдан иборат.

Маълумот учун, тадбир доирасида халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва Марказий Осиё стратегияси бўйича муҳокамалар ташкил этилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: