0:18 | 07.11.23
Асл исми Гулнура бўлган мамлакат биринчи хоними эри сиёсий таъқибга учраганда, уч йил болалари билан хорижда яшаган.
Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг рафиқаси Ойгул Жапарова турмуш ўртоғи билан қай тарзда танишгани ҳақида айтиб берди. Мамлакат биринчи хонимининг сўзларига қараганда, у Садир Жапаров билан 1990 йилларда танишган.
Биринчи хоним Ойгул Жапарова Садир Жапаров билан танишганда 18 ёшда ва Садир Жапаров 23 ёшда бўлишган. Улар бир-бирига қўшни бўлган қишлоқларда яшашган ва ўша пайтда Ойгул эрининг ҳалоллиги, лидерлиги ва тамаки чекмаслигини алоҳида қадрлагани учун ҳам турмушга чиқишга рози бўлган. Улар уч йиллик дўстликдан сўнг, турмуш қуришган.
«Мен Садир билан 10-синф пайтлигимда дугоналарим билан тоққа дам олишга борганимда танишганман. У ҳам ўшанда дўстлари билан дам олишга борган экан. Буни қарангки, биз бир-биримизни бир кўришда ёқтириб қолдик. Ҳозир менинг 5 нафар синфдош дугонам Садирнинг 5 та синфдошига турмушга чиққан» деган биринчи хоним.
49 ёшли мамлакат биринчи хонимининг беш нафар, баъзи манбаларда эса тўрт нафар фарзанди борлиги айтилган. Бунга президентнинг ЙТҲда вафот этган укасининг ўғлини ҳам тарбиялаётгани сабаб бўлган. Уларнинг тўнғич ўғли эса, 2020 йилда мотоциклда ҳалокатга учраган ва орадан тўрт кун ўтиб касалхонада вафот этган.
Маълумот учун, Жапарованинг баъзи ОАВларига берган интервюларига кўра, у турмуш ўртоғининг сиёсий таъқиб қилиниши пайтида уч йил давомида болалари билан Россия ва Полшада яшаган. Жапаровни қирғиз-тожик чегарасида ҳибсга олиш вақтида хавфсизлик кучлари унинг Рустам исмли иккинчи ўғлини ҳам ҳибсга олиб, уни олти ой давомида тергов изоляторида сақлашган. Шунда Жапарова мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Алмазбек Атамбаевнинг рафиқаси, собиқ биринчи хоним Раиса Атамбаевага ўғлининг озод қилинишига ёрдам беришини илтимос қилган. Бироқ Атамбаева бу масалага аралаша олмаслигини айтган.
«Мамлакатнинг биринчи хоними бўлиш ҳар кимга ҳам насиб қилмайди. Бу Худодан. Ўйлайманки, кўпроқ раҳм-шафқатли ва меҳрибонроқ бўлиш керак» деган Жапарова ўша пайтда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: