14:53 | 20.12.23
У мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўз номидаги банк пластик картасига ноқонуний равишда кирим қилган.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда бир нечта давлат хизматчилари қўлга олинди.
Жумладан, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, АТ Халқ банки Самарқанд филиалида Чакана бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Ш.Ю. ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзининг номидаги банк пластик картасига ноқонуний равишда 631 миллион сўм кирим қилиб, ушбу маблағнинг барчасини онлайн қимор ўйинига тикиб, ютқазиб қўйган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ш.Ю.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 2 йил банк соҳаларида моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, бир ҳолатда Самарқанд вилояти «Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази»нинг директори, 1980 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган С.Г. ҳамда марказ бош ҳисобчиси, 1968 йилда Ургут туманида туғилган фуқаро А.Ж.лар ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда, марказ маблағларини талон-торож қилиб келганлиги аниқланди.
«Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази»нинг 2016-2023 йиллардаги фаолияти ўрганилганда, марказ мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда, жамиятнинг 1,3 миллиард сўмлик маблағларини ўзлаштириб юборганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Ҳозирда ушбу ҳар иккала шахсга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ банки тўлов тизимидаги носозлик туфайли 11 млрд сўм йўқотгани хабар қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: