19:31 | 01.11.24

                       

Зарафшон аэропорти тикланиши мумкин

Зарафшон аэропорти тикланиши мумкин. Президент ушбу аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритишни топширди.

Навоий вилоятида ўтказилган йиғилишда Зарафшон аэропорти фаолиятини тиклаш ва минтақанинг инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Зарафшон, Учқудуқ ва Томди туманларида яшовчи 200 минг аҳоли пойтахтга саёҳат қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Улар 250-300 километр масофани автомобилда босиб, Навоий шаҳрига етиб боргандан кейингина поезд ёки самолёт орқали Тошкентга сафар қилади. Аэропорт фаолиятининг қайта тикланиши мазкур муаммоларни камайтиришга ёрдам беради.

Йиғилишда Зарафшон шаҳрининг аҳолиси 2-3 йилда 100 мингдан ошиши кутилгани сабабли шаҳар ҳудудини Томди тумани ҳисобига 2 минг гектарга кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Зарафшон аэропорти 1980-йилларда қурилган бўлиб, ҳозирда фаолият юритмаяпти. Унинг ишини қайта тиклаш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилди.

Минтақадаги ижтимоий инфратузилма ва коммуникация тармоқларини қиш мавсумига тайёрлаш ишлари ҳам муҳокама қилинди. Йиғилишда аёлларни касбга ўқитиш, ёшлар билан ишлашни яхшилаш каби масалалар бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: