14:11 | 01.03.24

                       

Абдулла Арипов Қашғарга ташриф буюрди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Хитой Халқ Республикасининг Қашғар шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони партқўми котиби Ма Синжуй билан икки томонлама учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Қашғар шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда ҳукумат порталида маълум қилинди.

Ташриф доирасида 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов  Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ҳамда кўп қиррали шериклик муносабатлари юқори даражада ривожланиб бораётгани, бунда Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилишича, январь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган учрашув икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди. Шунингдек, ташриф давомида ўтказилган тадбирлар, давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта замин яратгани айтилди.

Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон-Хитой ўртасида  савдо кўрсатгичлари рекорд даражага – қарийб 14 миллиард долларга етди. Яқин келажакда ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган жуда кўп имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Учрашувда эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, замонавий технология, ускуналарни импорт қилиш ҳамда тўқимачилик, мис, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ҳамкорликдаги лойиҳаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: