13:30 | 29.05.24

                       

Алишер Қодиров нима учун русафоблиги ҳақидаги саволга жавоб берди

Алишер Қодиров нима учун русафоблиги ҳақидаги саволга жавоб берди. Шунингдек, у советафоб эканини ҳам айтган.

«Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров Рус миллатига мансуб бир ватандошнинг нима учун русафоблиги ҳақидаги саволига жавоб берди.

«Жавобим оддий, мен ҳеч қандай русафоб эмасман! Советафоб эканлигимни тан оламан! Совет давлати тарихимиз, тўғри, лекин тарихимизнинг қора қоғозларида қолиб кетиши, келажагимизда бўлмаслиги керак деб ҳисоблайман.

Россия катта ва қудратли қўшнимиз. Россия билан яхши қўшничилик, умумий манфаатлар ва ҳамкорликда ривожланишдан манфаатдормиз, албатта. Айрим масала ва мақсадларда бир хил ўйламаслигимиз ҳам табиий, улар бўйича келишиш, ўрта нуқталарни топиш халқ ваколат берган ҳукуматнинг маҳоратига боғлиқ», — дейди Қодиров.

Бундан ташқари у Россия-Украина муносабатлари ҳақида гапирган. Ўзбекистон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз манфаатини ўйлаб тўғри қилаётганини, ҳар қандай уруш келишув билан якунланишини айтган. Унинг таъкидлашича, ақлли бошқарув урушгача бормайди.

«Рус тили масаласида. Рус тилини ўрганиш ёшларимиз учун инглиз, хитой, араб ва форс тилларини ўрганиш қаторида жуда фойдали эканлигини ҳеч қачон рад этмаганман, бундан кейин ҳам рад этмайман.

Таклифим эса оддий ва тушунарли, болаларга болалигидан она тили ва давлат тилидан бошқа тил ўргатилмаслиги керак. Бошқа миллатли ватандошларимиз она тилида қадриятини ўргансин, давлат тилини эса ватани деб ҳисоблайдиган Ўзбекистонда яхши яшаши учун ўргансин, тамом.

Мактабни ўрта синфларидан бошлаб истаган хорижий тилини ўрганса, шахсий ривожланишига ҳам, мамлакат тараққиётига ҳам фақат фойда бўлади», — дейди депутат.

Россия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувлар Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилишига шубҳаси йўқлигини айтди.

«Мураккаб даврда, ҳеч кимни қошу қовоғига қарамасдан халқимиз манфаатларига уйғун ҳаракатлар Давлат раҳбарининг ички ва ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлашимизга энг муҳим сабабларидан бири», — дейди у.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: