19:03 | 24.03.24

                       

Андижонда чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан экологик назорат тадбирлари ўтказилди

Андижонда чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан экологик назорат тадбирлари ўтказилди. Тадбиркорларга 5 миллион 780 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилиб, баённомалар расмийлаштирилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Андижон шаҳрида экологик ҳолатни ўрганиш мақсадида тунги рейд тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, назорат тадбирлари давомида Андижоннинг эски шаҳар ва янги шаҳар марказий деҳқон бозорлари ҳудудида ҳамда ушбу бозорларга туташ бўлган: Олтинкўл, Бобуршоҳ ва Ўзбекистон марказий кўчалари ҳолати ўрганилди.

Жараёнда республика ишчи гуруҳи бошчилигида Андижон вилояти Экология бошқармаси назорат инспекция, Миллий Гвардия ҳамда Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари иштирок этиб, бир қатор экологик ҳуқуқбузарлик ҳолатларига аниқлик киритилди.

Жумладан, юқорида кўрсатилган савдо объектлари ҳудуди ва унга туташ марказий кўчаларда жойлашган расталар ва дўконлар, умумий овқатланиш шохобчалари ён-атрофи назорат қилинганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаганлик учун 17 нафар ҳуқуқбузар тадбиркорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91¹-моддасига кўра жами 5 миллион 780 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилиб, баённомалар расмийлаштирилди.

Андижон шаҳрида чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан экологик назорат тадбирлари ўтказилди.

Шу қаторда, экологик рейд тадбирлари доирасида фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

Хусусан, бозор маъмуриятларига ҳудуд атрофдаги тартибсиз аҳволга келтирилган маиший чиқиндиларни бартараф этиш бўйича тегишли огоҳлантиришлар берилди. Ҳудудга масъул санитар тозалаш корхонаси билан шартномалар тузилиб, бозор ҳудудига 7 та махсус чиқинди ташлаш қутилари ўрнатилди.

«Бу каби кучайтирилган экологик назорат рейд тадбирлари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этмоқда.

Шу ўринда, белгиланмаган жойга ташланган чиқиндилар учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтамиз. Шундай экан, ер юзини чиқиндилардан асрайлик!», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: