13:28 | 09.09.23

                       

Арманистон элчиси Россия ТИВга чақиртирилди

Элчига норозилик нотаси топширилган.

Арманистоннинг Россиядаги элчиси мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий саҳифасида маълум қилинди.

Фото: ТАСС

Қайд этилишича, Россия томони Арманистон раҳбарияти сўнгги кунларда «қатор нодўстона қадамлар ташлагани» муносабати билан мамлакат элчиси Вагаршак Арютюнян Ташқи ишлар вазирлгига чақиртирилганини билдирган.

Шунингдек, бундай йўл тутилишига Арманистоннинг қайси ҳаракатлари сабаб бўлгани ҳам келтирилган. Бунда Арманистонда Гаагадаги Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилиш жараёни бошланиши, Арманистон Бош вазирининг рафиқаси Анна Акопяннинг Киевга ташрифи, Украинага гуманитар ёрдам кўрсатилиши ва Арманистон ҳудудида АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилишининг эълон қилиниши санаб ўтилган.

Ташқи ишлар вазирлигида, шунингдек, элчига норозилик нотаси топширилган. Унда Арманистон парламенти спикери Ален Симоняннинг Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага йўллаган «таҳқирловчи баёнотлари қабул қилиниши мумкин эмас»лиги айтилади. Бундан ташқари, Арманистон ҳудудида «Sputnik Арманистон» мухбир Ашот Геворкян ва россияпараст блогер Микаэл Бадаляннинг ҳибсга олиниши юзасидан «хавотир» билдирилган.

Маълумот учун, сўнгги пайтларда Озарбайжон ўз ҳарбий техника ва қўшинларини КХШТ ҳарбий блокининг аъзоси бўлган Арманистон чегаралари яқинида тўпламоқда. Бу эса Арманистонда хавотир уйғотиб, иттифоқчиси Россия уни етарли даражада ҳимоя қилмаётганидан норози бўлишига олиб келди. Бундай вазиятда икки мамлакатнинг ўзаро алоқалари аввалигидек эмас. Жумладан, Арманистон Рим статутини ратификация қилиш жараёнларини бошлаш орқали Россияга норозилик «мессежини» юборди. Халқаро жиноий суд томонидан Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берилган бўлиб, агарда у Рим статутини имзолаган давлатлар ҳудудига борса, қамоққа олиниши мумкин. Шунингдек, Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг рафиқаси Анна Акопян Киевга Украина президентининг рафиқаси Елена Зеленская томонидан ташкил этилган биринчи хонимлар ва жаноблар саммитига борди. Бундан ташқари мамлакат уруш бошланганидан буён биринчи марта Украинага гуманитар ёрдам юборди. АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилиши қарори эса Россияни янада кўпроқ «ўйлантириб қўйди».

Мавзуга доир: Арманистон ва Россия ўртасида совуқлик кучайиб бормоқда – The Insider

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: