15:31 | 31.12.23

                       

Қашқадарёда 3 нафар беморнинг ишлаб турган юрагида ноёб операциялар ўтказилди

Айни пайтда беморларнинг аҳволи яхшилиги билдирилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида 3 нафар беморда ишлаб турган юракда ноёб кардиологик операциялар бажарилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.

Қарши туманида яшовчи 52 ёшли аёл М.М.да «Маммар-коронар шунтлаш 1 шунт», Қамаши туманида яшовчи 65 ёшли аёл Н.М.да «Аорта-коронар шунтлаш. 2 шунт» операциялари муваффақиятли ўтказилган.

Шунингдек, қаршилик 67 ёшли эркак Р.Ф.да жараён анча мураккаброқ кечган. Унда «Ўнг томон ички уйқу артерияси эндарэктомияси» деб номланган ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

«Бу операция бош мияни қон билан таъминловчи уйқу артериялари 70 фоизга ва ундан кўпроқ торайганда ва бош мияда ишемик инсулт ривожланиш хавфи юқори бўлган вақтда бажарилиши билан аҳамиятлидир», дейилади хабарда.

Операциялар марказ ва филиал кардиожарроҳлари томонидан амалга оширилган ҳамда беморларнинг аҳволи айни пайтда яхшилиги билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда биринчи марта паркинсонга чалинган бемор операция қилингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: