12:49 | 13.04.23

                       

Азиз Абдуҳакимов: «Мақсадимиз — таназзулга учраган экотизимларни қайта тиклаш»

Ўзбекистонда «Биохилма-хиллик бўйича глобал дастур»ни эрта қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ишга туширилди

Табиат ресурслари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида 12 апрел куни Глобал экологик жамғармаси (GEF)нинг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилувчи «Биохилма-хиллик бўйича глобал дастури»ни эрта қўллаб-қувватлаш қўшма лойиҳасининг бошланғич йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган Bugun.uz мухбири хабар қилди.

Фото: Bugun.uz

«Биохилма-хиллик бўйича Кунминг-Монреал глобал дастури» (ГБФ) 2022 йилнинг 19 декабр куни 190 мамлакат томонидан келишувга эришилган. Булар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Ушбу дастур 2050 йилга келиб табиат билан уйғунликда яшайдиган дунё глобал концепцияси мақсадларига эришиш йўлини белгилайди. Унинг асосий кўрсаткичлари сифатида 2050 йилга қадар 4 мақсад ва 2030 йилга қадар 23 нишонга эришиш ҳисобланади. Дастур биохилма-хиллик бўйича глобал ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бўлиб, Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини тўлдиради ва 2050 йилга келиб иқлим ўзгаришига чидамли ва барқарор дунёга йўл очади.

Фото: Bugun.uz

Ўзбекистон ушбу даструни қабул қилиш билан бир вақтда дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари каби уни амалга ошириш учун ўзининг миллий мақсадларини белгилаш мажбуриятини олди. Бошланган лойиҳа Ўзбекистоннинг биохилма-хилликни сақлаш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, мониторингини амалга ошириш ва молиялаштириш бўйича сиёсатини белгилаб берувчи Миллий стратегиясини ва Ҳаракатлар режасини глобал дастурнинг кун тартибига мос келадиган тарзда қайта кўриб чиқишга кўмаклашади.

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов дастурнинг Тошкентда ўтказилган илк йиғилишида мурожаат билан чиқди.

 «Ўзбекистон глобал интеграция масалаларида фаол позицияни эгаллаб туришини ҳамда биохилма-хиллик ва умуман табиатга жамиятнинг муносабатини ўзгартиришга қаратилган кенг чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича улкан режага эришишга салмоқли ҳисса қўшишга интилади», — деди у.

Фото: Bugun.uz

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ҳам қутлов нутқида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

«Нафақат аксарият инсонларнинг даромад манбалари табиий ресурслар ва уларни бошқариш билан боғлиқ, балки биологик хилма-хиллик ва экотизим хизматларининг йўқотилиши харажатлар ҳамда хавф-хатарларнинг ошишига ва иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин. Орол денгизининг қуриб бораётгани, мамлакат бўйлаб тез-тез содир бўлаётган чанг бўронлари мисолида биз бу жараён аллақачон содир бўлаётганини кўришимиз мумкин. Бинобарин, тезкор ҳаракатлар амалга ошириш зарурати кундек равшан!»

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Дастурнинг асосий глобал мақсадларидан бири 2030 йилга қадар дунё бўйлаб таназзулга учраган экотизимларнинг 30 фоизини қайта тиклаш, маълум турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш, ва 2050 йилга келиб барча турларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини ва тезлигини ўн баравар камайтириш, 2030 йилгача пестицидларни қўллаш хавфини камида 50 фоизга камайтириш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги учун ажратилган ҳудудларни барқарор бошқариш ва биологик хилма-хиллик учун безарар бўлган агроэкология ва бошқа амалиётлар кўламини сезиларли даражада кенгайтириш киради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: