8:41 | 06.06.24

                       

Блогер Мурод Махсудов қамалди

Блогер Мурод Махсудов туҳмат, товламачилик ва ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор деб топилиб, 7,5 йилга қамалди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яшнобод туман суди  4 июн куни 42 ёшли блогер Мурод Махсудовни 7,5 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, у Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг «а» ва «г» бандлари (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат), 165-моддаси 2-қисмининг «б» банди (Кўп миқдорда товламачилик) ва 167-моддаси 2-қисмининг «б» ва «г» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айбдор деб топилди.

Шу билан бирга, суд Мурод Махсудовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1 ва 2-қисмлари (Анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик) бўйича айбсиз деб топди ва реабилитация қилди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг октябрь ойида блогер ва «Эзгулик» жамияти фаоли Мурод Махсудов ҳибсга олингани ҳақида унинг ҳамкасби Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берганди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда блогернинг Абдураҳмон А. билан суҳбати, ундан маълум бир видеони тарқатмаслик учун 10 минг доллар талаб қилаётгани ҳақидаги аудиоёзув тарқалган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: