19:30 | 05.11.21
5 ноябрнинг муҳим хабарларини битта дайжестга жойладик
Хайрли (кечаги чанг-тўзон аримаган) кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Бугунги дайжестни чегарадан бошлаймиз. Ўзбекистонлик ҳарбийлар тунда Қирғизистон билан чегарадаги постни кўчирмоқчи бўлгани айтилди. Ҳозирда бу ҳаракатлар тўхтатилган.
Қирғизистоннинг маҳаллий нашри ўзбекистонлик чегарачилар қирғиз–ўзбек чегарасининг ҳали белгиланмаган қисмини ўзлаштирмоқчи бўлгани ҳақида хабар берди. Нашр билан суҳбатлашган маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ҳудуддаги қурилиш ишлари 3 ноябрь куни кечқурун бошланган. Улар постни Боткен вилоятининг Таян қишлоғига кўчирмоқчи бўлган. Бунинг оқибатида Қирғизистондаги 6 та уй чегаранинг нариги томонига ўтиб қолиши айтилган.
Ҳозирда, маълум қилинишича, икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон чегарачилари томонидан чегаранинг белгиланмаган қисмида олиб борилган ишлар тўхтатилган. Бу борада расмийларнинг ҳеч қандай изоҳи йўқ.
Энергетика вазирлиги «электросетнинг шайхлари»га муносабат билдирди: ҳаммаси қонуний бўлган.
Энергетика вазирлиги 1 июндан бошлаб 2 ой давомида 13 нафар ходимининг Хумсон қишлоғидаги «Угам» оромгоҳида дам олиши учун 240 миллион сўм сарфлагани ҳақида хабар берилганди. Бу ҳолатга атаб колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов карикатура ҳам чизганди.
Вазирлик ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, барчаси қонуний бўлгани, у ерда 13 эмас, балки кўпроқ ходим бўлганини маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, вазирлик ходимларининг дам олиши (расмий қилиб айтганда, соғлиғини тиклаш ва жисмоний фаоллигини ошириш) учун алоҳида дастур тасдиқланган. «Угам» оромгоҳи билан ўрнатилган тартибда шартнома имзолаш ҳамда оромгоҳга сарфланадиган маблағнинг 10 фоизи вазирлик марказий аппарати касаба уюшмаси қўмитаси ҳисобидан, 10 фоизи ходимларнинг маблағлари ҳисобидан ва қолган 80 фоизи Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Оромгоҳ ва вазирлик марказий аппарати ҳамда вазирлик ҳузуридаги лойиҳа офисларининг 120 нафар ходими учун жами 240 800 000 (икки юз қирқ миллион саккиз юз минг) сўм пул маблағлари ходимларнинг ҳақиқатдан дам олган кунларига қараб тўланиши бўйича шартнома имзоланган.
Ушбу шартнома бўйича жорий йилнинг июнь-июль ойларида Энергетика вазирлигининг жами 47 нафар ходими «Угам» оромгоҳига юборилган. Шундан сўнг республикамизда карантин чекловлари кучайтирилгани сабабли мазкур шартнома Энергетика вазирлигининг тегишли буйруғи билан вақтинчалик тўхтатилган.
Бор гап шу экан. Нима ҳам деймиз, таътиллар мароқли ўтсин (ўтган бўлсин)!
Қисқа хабарлар пунктларда:
Ва ниҳоят кун мавзуси. Мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк йирик қум бўрони: сабаб, оқибат, ҳимояланиш бўйича тавсиялар, суратлар ва карикатура.
Хуллас, тушунтирилишича, мана бундай бўлган: Қозоғистондан кириб келган кучли шамол Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давом этди. Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятида шамол тезлиги максимал 20–25 метр/секундга етган. Кечга томон Қозоғистон жанубидан эсган кучли шамол Сирдарё вилояти орқали ўз йўналишини ғарбий ва жануби-ғарбий томонга ўзгартирган.
Шу билан бирга, давомли эсган кучли шамол натижасида чўл ландшафтига эга ҳудудларда тупроқ сиртидаги чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, чанг булутини ҳосил қилган. Чанг булути шамол йўналиши бўйича аввал Сирдарё вилоятига, сўнг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосида чанг-бўрон ва ғубор кескин ортиб кетишига сабаб бўлгани айтилди. Чанг бўронлари ва ғубор атмосфера ҳавосининг кўриниш даражасини Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 500–1000 метрга, Тошкент шаҳрида эса 200 метргача чегаралади.
«Ўзгидромет» томонидан олиб борилаётган кузатишлар натижасида бундай ҳолат 150 йилдан бери кузатилмагани маълум бўлган. «Ўзгидромет»нинг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳаво сифатини ифлослантирувчи моддалар таҳлилини юритувчи автоматик стационар кузатув постларида чанг миқдори кескин кўтарила бошлаган. Аввалига чанг миқдори меъёрдан 5 бараварга, кейинроқ маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 бараваргача кўтарилиши қайд этилган. Ҳозирда чанг миқдори меъёрий кўрсаткичдан 10 баравар юқорилиги сақланиб қолмоқда.
Чанг бўронларидан сўнг ҳаводаги нисбий намлик миқдори 50 фоизга яқинлашган. Бунинг таъсирида мавсумга хос бўлмаган катаклизим ҳодисалари Тошкент шаҳрининг миллионлаб аҳолисига потенциал хавф туғдирган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилди.
Бундан ташқари, бундай ҳавода деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш. Айниқса, кечаси ва эрта тонгда эшик ва ойналарни зичлаб ёпиш керак бўлади.
«Кўпроқ сув ичинг. Очиқ ҳавода ҳаракат қилишни чекланг. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташланг. Тез-тез душ қабул қилинг. Бу ташқаридан уйга киргач, нафас олишни енгиллаштиради», дейилади ССВ хабарида.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов республика бўйлаб кесиб ташланган минглаб (балки, миллионлаб) дарахтларни эсга олди.
Хўш, оламда нима гап?
АҚШ президенти Жо Байден коронавирус юқтириб олган бўлиши мумкинлиги айтилди.
Маълум қилинишича, Оқ уй раҳбарининг Европага сафари давомида унга ҳамроҳлик қилган ходимларидан бири коронавирусни юқтириб олган. Шунингдек, Байденнинг ёрдамчиси ва Америка делегациясининг бир нечта аъзоси Глазгодаги иқлим саммитида қатнашганидан кейин хасталикни юқтириб олиш хавфи туфайли Шотландияда қолган.
«Bloomberg» маълумотларига кўра, айни пайтда Оқ уй раҳбари маъмурияти ходими карантинда бўлиб, иккинчи тест синови натижаларини кутмоқда.
«У ўз Ватанига қайтди». Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани ва унинг ҳамроҳлари айни пайтда АҚШда экани маълум бўлди.
«Sputnik Афғонистон»нинг маълум қилишича, Америка расмийлари баъзи тафсилотларга ойдинлик киритиш учун Ғани ва унинг ҳамроҳларини БАА пойтахти Абу-Даби шаҳридан АҚШга жўнатган. Сиёсатшунос Аҳмад Саидий мазкур маълумотларни тўғри ва ишончли дея таъкидлаган. Шу билан бирга, Ғани маъмурияти раҳбари Фазли АҚШга келганлар орасида эмаслиги, у Швецияда экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани август ойида Ўзбекистон орқали БААга қочиб кетган.
Маълумот учун, Ашраф Ғани Афғонистонга президент бўлишидан олдин Қўшма Штатлар фуқароси бўлган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: