9:11 | 26.06.24

                       

Бухорода фуқарога 350 млн имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди

Бухорода фуқарога 350 млн имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. У ўзини жабрланувчига шаҳар ҳокимлиги ходими қилиб таништирган.

Бухоро ва Қорақалпоғистонда имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Прокуратура Департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.М. фуқаро О.Қ.га ўзини Бухоро шаҳар ҳокимлигида ҳайдовчи вазифасида ишлашини айтиб, танишлари ёрдамида уй-жой сотиб олиш учун 350 миллион сўм имтиёзли кредит олиб бериши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.И. фуқаро Б.У.га юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 2 000 АҚШ доллари эвазига Беруний туманидаги тижорат банкларининг биридан 200 миллион сўм имтиёзли кредит олиб беришини айтиб, эвазига 8 миллион сўмни олган вақтида  ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва  28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.