20:32 | 15.10.23
Зураб Пололикашвили Самарқандда ўтадиган UNWTO Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессиясида иштирок этади.
БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили Самарқандга келди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, юқори мартабали меҳмонни UNWTO Бош Ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати Ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев кутиб олган.
Маълумот учун, Зураб Пололикашвили Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган. Жумладан, 2022 йилнинг 4-7 ноябр кунлари Самарқандда «II Ўзбекистон иқтисодий форуми»да иштирок этиб, «Боқий шаҳар», Конигил туризм қишлоғи, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети, Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва Улуғбек мадрасаларини саёҳат қилганди.
Шунингдек, Тошкентдаги ташрифи чоғида таниқли грузин ижодкори Шота Руставели ҳайкали пойига гул қўйиб, «Янги Ўзбекистон» боғи, «Амирсой» тоғ-чанғи курортининг туризм салоҳияти билан яқиндан танишган ҳамда «Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар» мавзусида муҳокама йиғилишида қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 16-20 октябр кунлари Самарқанд шаҳри Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессиясига мезбонлик қилади. Тадбирда 130 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда шаҳарда сессияни ўтказиш учун барча тайёргарлик жараёнлари якунланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: