18:55 | 04.12.23

                       

«Дендропарк» да 100 дан ортиқ заранг дарахтлари экилди

Аввалроқ ушбу ҳудудда дарахтларнинг нобуд қилиниши, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудларида дарахт кўчатлари ўтқазиш бошланганди. Экология вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, вазирлик ходимлари Бош прокуратура ва Ўрмон хўжалиги агентлиги билан биргаликда агентлик ҳузуридаги, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган «Дархон» илмий тажриба станцияси (Дендропарк) ҳудудида 100 дан ортиқ заранг дарахтлари экишди.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, «Дендропарк»даги 2,1 гектар майдонда яна 800 га яқин дарахт экилиши режалаштирилган бўлиб, улар орасида қрим қарағайи, жўка, оқ қайин, заранг, лола, эман каби дарахтлар бор.

Маълумот учун, Бош прокуратура Экология вазирлиги ва бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳудудидаги ўсимликлар дунёси муҳофазаси ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш аҳволини ўрганганда, «Дархон» илмий-тажриба станцияси (аҳоли тилида Дендропарк) ер майдонлари мутахассислар томонидан текширилиб, ҳудудда кўп йиллик дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни аниқлаганди.

Бундан ташқари, бу ҳудудда ноқонуний тарзда эгаллаб олинган бинолар бузиб ташланаётгани ҳақда ҳам хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: