21:14 | 11.12.23

                       

Дубайда иқлим ўзгаришининг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларига салбий таъсири бўйича анжуман ўтказилди

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов унда қатнашиб, нутқ сўзлади.

БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида «Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисида»ги конвенция ҳисоботи ҳақида маълумот берилди. Унда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Ўзбекистон экотизим деградацияси, яшаш муҳити ва биохилма-хилликнинг йўқолишига жиддий таъсир кўрсатувчи иқлим ўзгаришининг салбий таъсиридан энг кўп жабр кўраётган давлатлардан ҳисобланади. Ҳукуматимиз минтақавий трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биологик хилма-хилликни, кўчиб юрувчи турларни сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш, миллий, минтақавий ва глобал миқёсда чора кўриш тарафдори. 2024 йилнинг 12-17 феврал кунлари Самарқанд шаҳрида «Табиат чегара билмайди» шиори остида бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) томонлар конференциясининг 14-йиғилишида бу борадаги муҳим муаммоларга эътибор қаратилади», – деган вазир.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси (CMS) кўчиб юрувчи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш ҳамда улардан барқарор фойдаланиш учун глобал платформани тақдим этади.

Ушбу конвенция ҳукуматлар ва ёввойи табиат бўйича мутахассисларни бутун дунё бўйлаб қуруқлик, сув ва қушлар миграция турларини ҳамда уларнинг яшаш жойларини сақлаш эҳтиёжларини қондириш учун бирлаштиради.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Конвенция 1979 йилда кучга кирганидан бери унинг аъзолари сони барқарор равишда ўсиб борди ва Африка, Марказий ва Жанубий Америка, Осиё, Европа ва Океаниядан 132 та иштирокчини қамраб олди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: