16:34 | 22.12.23
Учрашувда экология ва туризмни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни эътироф этилди.
21 декабр куни Тошкентдаги «Ёшлар ижод саройи»да Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва ёш эко-фаоллар ўртасида учрашув ташкил этилди. Учрашувда юртимизнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 500 дан ортиқ талабалар, волонтёрлар иштирок этди. Шунингдек, 500 га яқин ёшлар онлайн кузатиб борди.
Учрашув давомида вазир соҳада ёшларга берилаётган имкониятлар ва улар томонидан амалга оширилаётган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаган. Азиз Абдуҳакимов экология ва туризм соҳасида ёшларнинг фаоллигини янада ошириш лозимлигини, долзарб муаммоларга ечим топишда уларнинг ўрни юқори, ҳар бир фикри, ташаббуси муҳим эканлигини таъкидлаган.
«Бугун барча соҳаларда ҳукуматимиз томонидан ёшларга ўз имкониятларини тўлиқ намоён эта олишлари учун имкониятлар яратиб берилмоқда, иқтидорли ёшларимиз эса бунга жавобан ўзига хос шижоат кўрсатишмоқда. Шундай экан, бугун сиз ёшларнинг экология ва туризм соҳалари ривожига қўшаётган ҳиссангиз беқиёс эканлигини таъкидлашни истардим», — деди вазир.
Маълумот учун, 2023 йил давомида экология ва туризм соҳаларида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Бу тадбирларда ёшлар алоҳида фаоллик кўрсатиб, экологик муаммоларга бефарқ эмасликларини намоён қилишди. Жорий йил якунига қадар республикамиз бўйича ёш эко-фаоллар иштирокидаги тадбирларда жами 2 миллион 445 минг 300 нафар ёшлар иштирок этган.
Учрашув давомида А.Абдуҳакимов бугунги кунда атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва табиий ресурслардан самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ глобал муаммолар барқарор ривожланишни таъминлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги форматдаги мутахассислар ва экспертларни тайёрлаш, муаммоларни ҳал қилишда инновацион ёндашувларни жорий этишни тақозо этаётганини қайд этган. Президентнинг «Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган Central Asian Green University эса минтақадаги экологик муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтган.
«Green University фаолияти Экология вазирлиги таъсисчилиги остида Hub and Spoke тамойили асосида ташкил этилмоқда, яъни Green University хорижий, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон илмий марказларини бирлаштирувчи самарали платформа яратди. Янги университетда жаҳоннинг етакчи «яшил» университетлари томонидан қўлланувчи илғор таълим дастурлари жорий этилган», — деди вазир.
Учрашув давомида ёшлар томонидан сўнгги йилларда экология ва туризм соҳасида ёшларга эътибор кучайгани ва уларнинг иштироки сезиларли даражада ортгани эътироф этилди. Шунингдек, талабалар вазирга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди, таклиф ва мулоҳазаларини билдиришган. Жумладан, ёшлар томонидан пластик чиқиндилардан фойдаланишни кескин камайтириш, атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши кураш, дарахтларни кесмаслик, бу борада экологик маданиятни ошириш, ёшларнинг фаоллигини янада кучайтириш, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи туризмини кенгроқ тарғиб қилиш каби муҳим таклиф ва мулоҳазалар билдирилган.
Азиз Абдуҳакимов Central Asian Green Universityʼнинг аҳамияти ва бошқа университетлардан афзаллиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, мазкур олий таълим муассасасида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёга дахлдор экологик долзарб муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутадиган малакали кадрлар тайёрланишини таъкидлаган.
«Бугун ҳеч қайси соҳани ёшларсиз ривожлантириб бўлмайди. Хусусан, экология ва туризмни ривожлантиришда ҳам Сиз ёшларнинг билимингизга, шижоатингизга, янгидан-янги ғояларингизга суянамиз. Бугун сизнинг долзарб муаммоларни ҳал қилиш борасидаги таклифларингиз, фикрларингизни тинглаб, ёшларимизда экологик онг, масъулият янада ошиб бораётганининг гувоҳи бўлдим. Бу, албатта, қувонарли», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: