10:45 | 31.01.24
Олий Мажлисда навбатдаги парламент эшитуви бўлиб ўтди.
30 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида навбатдаги парламент эшитуви бўлиб ўтди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг сабаблари, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди.
Вазир «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида атроф-муҳит муҳофаза қилишга доир қатор вазифалар белгиланганини, Президент томонидан охирги 2-3 ойда экология соҳасидаги муаммолар ечимига қаратилган қатор қарор ва фармонлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлаган.
Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳри атмосфераси ифлосланишига сабаб бўлаётган ҳолатларни келтириб ўтган. Хусусан, антропоген омиллар — шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилишларнинг жадал амалга оширилаётгани, қурилишлар сабабли мораторий эълон қилинганига қарамасдан дарахтларнинг кесилиши, «Евро 4» экологик стандарти талабларига жавоб бермайдиган (AI-80) ёқилғидан фойдаланаётган машиналарнинг меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётганлиги атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
«Тошкент шаҳрида 2022 йилда 715 минг автотранспорт воситаси ҳаракатланган ва натижада атмосфера ҳавосига 403,0 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланган. 2023-йилда эса пойтахтда ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 8 фоизга ортиб, 775 мингтани ташкил этган. Натижада атмосфера ҳавосига 435,0 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланган», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Вазир, шунингдек, 2019 йилда 3,9 миллион тонна, 2022 йилда 5,3 миллион тонна, 2023 йилда эса 6,7 миллион тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилгани, бу ҳам атмосфера ҳавосига катта зарар келтирганлигини айтиб ўтган.
«10 тонна кўмир ёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220 килограмм қурум, 360 килограмм олтингугурт II оксиди, 64 килограмм углерод оксиди, 16 килограмм азот II оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси чиқарилади. Бу рақамларнинг ўзиёқ кўмирнинг зарари қанчалик катта эканлигини кўрсатиб турибди», — деди вазир.
Бундан ташқари, вазир экологияни яхшилаш борасида қилинган ишларга алоҳида тўхталган. Хусусан:
— 2022 йил 1 январдан «Евро-4» экологик талабларига жавоб бермайдиган бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини олиб кириш тақиқланди;
— охирги икки йилда 3 150 километр темир йўл участкалари электрлаштирилиб, тепловозлар ўрнига электровозлардан фойдаланиш йўлга қўйилди;
— «Тоза ҳаво» ойлиги давомида 2023 йилда 319 мингта автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилиб, меъёрларга жавоб бермайдиган 8 минг 600 та транспорт воситасидан фойдаланиш вақтинчалик тақиқланди;
— 2023 йилда 147 та саноат корхонасидаги чанг-газларни тутиб қолувчи 716 та ускуна модернизация қилиниб, атмосфера ҳавосига 10 минг тоннадан ортиқ ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олди олинди;
— «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли зарраларни ўлчовчи Япониянинг «Ҳориба» русумли 2 та автоматик станцияси ўрнатилди;
— «Яшил макон» доирасида 416 миллион тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди;
— 588 гектар «яшил боғлар», 662 гектар «яшил жамоат парклари», Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида жами 40 километр масофада «яшил белбоғ»лар барпо этилди;
— Ўтган йилнинг куз мавсумида атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 189 та саноат корхонаси атрофида 2 миллион 300 минг туп кўчатлар экилиб, «яшил белбоғ»лар ташкил қилинди.
Шунингдек, вазир экологик вазиятни яхшилаш борасида қуйидаги кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини қайд этган:
— «Евро-4» стандартидан (AI-80 русумли бензин) паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан фойдаланишни тақиқлаш;
— Тирбандликни камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш;
— Шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил этиш;
— Жамоат транспортини тўлиқ электр ва газ ёқилғисига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
— Барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
— Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадлари кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
— Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
— Илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишини олдини олишга қаратилган Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш.
Ҳисоботдан сўнг вазир депутатларнинг экологик ҳолатга доир саволларига жавоб қайтарган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: