23:15 | 13.05.24

                       

Ўзбекистон АҚШ билан чиқиндиларни бошқаришда ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон АҚШ билан чиқиндиларни бошқаришда ҳамкорлик қилади. Бу бўйича икки мамлакат ўртасида келишувга эришилди.

Экология вазирлиги АҚШнинг «Biologic International LLC» компанияси билан чиқиндиларни бошқариш соҳасида музокара олиб борди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Экология вазирликнинг Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази раҳбари Шарифбек Ҳасанов, «Biologic International LLC» компанияси бошқарувчи ҳамкори Кешав Ражпал ва «Saviday» компанияси ҳамкори Сеан Мак Эллин билан учрашди.

Фото: Экология вазири матбуот хизмати

Учрашув доирасида делегация масъул вакиллари томонидан компаниялар фаолияти хусусида тўхталиб ўтилди. Хусусан, чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш ва ундан энергия олишга қаратилган фаолият юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга доир лойиҳалар юзасидан сўз юритилди.

Шунингдек, биоэтанол ва биометан ишлаб чиқариш учун органик чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, органик чиқиндиларни саралаш каби қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Қолаверса, республикада инвесторлар учун яратилган қулай имкониятлар, айниқса, чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва солиқ имтиёзлари хусусида компания вакилларига батафсил маълумотлар берилди.

Якунда самарали ҳамкорлик ўрнатиш ва келгусида йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида келишувга эришилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: