13:37 | 16.02.24

                       

Фарғонада тадбиркор ва талаба сохта илова яратиб,  фуқароларнинг 100 млн сўмга яқин пулини ўзлаштирди

Фарғонада тадбиркор ва Турин политехника университети талабаси сохта илова яратиб,  фуқароларнинг 100 млн сўмга яқин пулини ўзлаштирди. Улар гўё фуқароларнинг пластик картасидаги пулни биржада криптовалютага алмаштирган ҳолда талон-торож қилган.

Фарғонада сохта илова яратиб,  фуқароларнинг 100 миллион сўмга яқин пулини ўзлаштирганларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида яшовчи тадбиркор Ш.Ш. ҳамда Турин политехника университети талабаси А.Ю. ҳам ахборот тизими орқали одамларни чув тушириш режасини тузган.

Улар интернет ижтимоий тармоғидан фойдаланиб, «Agrobank mobile» зарарли иловасини яратган. Мазкур илова орқали фуқароларнинг пластик картасидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Дастур ёрдамида фуқаро А.Н.нинг пластик картасидаги 47 миллион 235 минг сўм миқдоридаги пул маблағини биржада криптовалютага алмаштирган ҳолда талон-торож қилган.

Бундан ташқари, фуқаро О.Ж.нинг картасидаги 45 миллион 225 минг сўм сўм миқдоридаги пул маблағларини ҳам криптовалютага алмаштирган ҳолда ўзлаштириб олган.

Фарғона вилоят ИИБ киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан мазкур ҳолатлар бўйича тезкор техник тадбирлар ўтказилиб, уларнинг ҳаракатларига аниқлик киритилди. Судланувчиларга суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: